Ойниса Мусурмонова (1952-йил, Паст Дарғом тумани, Самарқанд вилояти, Ўзбекистон ССР) – ўзбекистонлик олима, педагогика фанлари доктори (1994), профессор (1998).

Ойниса Мусурмонова
Таваллуди 1952-йил
Паст Дарғом тумани, Самарқанд вилояти, Ўзбекистон ССР
Фуқаролиги Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Касби филолог
Соҳаси педагогика
Илмий даражаси педагогика фанлари доктори
Илмий унвони профессор
Мукофотлари

Биографияси

Ойниса Мусурмонова 1952-йил Самарқанд вилояти, Паст Дарғом туманида туғилган[1][2]. 1970—1975-йилларда Самарқанд давлат университети ўзбек ва тожик филологияси факултетида ўқиган.

Фаолияти

Ойниса Мусурмонова „Паст Дарғом ҳақиқати“ газетасин таҳририяти адабий ходими (1975), 1975—1980-йилларда Паст Дарғом тумани пионер ўқувчилар уйи директори, 1980—1988-йилларда Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти кичик, сўнгра катта илмий ходими, Тошкент давлат педагогика институти умумий педагогика кафедраси катта ўқитувчиси, доцент, докторант ҳамда институтга қарашли „Халқ таълимини бошқаришнинг илмий асослари“, „Одобнома“ кафедралари, айни бир пайтнинг ўзида „Оила“ илмий лабороторияси мудири (1988—1995)[2], 1995—1998-йилларда Вазирлар Маҳкамаси хотин-қизлар ишлари бўлими мудири, кейинчалик оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш котибияти мудири, 1998—2000-йилларда „Оила“ илмий-амалий маркази директори[3], Олий Мажлиснинг ижтимоий масалалар ва бандлик қўмитаси раиси ҳамда „Соғлом авлод учун“ халқаро хайрия жамғармаси раиси (2000—2002), Олий Мажлиснинг фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари (2002-2005)[4], Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети педагогика, психология кафедраси мудири (2005—2020), Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги „Маҳалла ва оила“ илмий-тадқиқот институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари (2020—2022) вазифасида ишлаган. 2022-йилдан Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги „Оила ва хотин-қизлар“ илмий-тадқиқот институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари[1] ва республика „Оқила аёллар“ ҳаракати етакчиси[5]. Олий Мажлиснинг 1—2-чақириқ депутати бўлган. „Маърифат“ тарғиботчилар жамияти[6], Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси.

Илмий фаолияти

Ойниса Мусурмонованинг илмий ишлари педагогика соҳасида миллий ва умуминсоний қадриятлар воситасида ёшлар маънавий маданиятини шакллантириш муаммосига оид. 1986-йилда номзодлик ишини, 1994-йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1988-йилда доцент, 1998-йилда профессор илмий унвони берилган[1]. Ойниса Мусурмонова 10 дан ортиқ монографиялар, 21 та дарслик, 30 дан ортиқ ўқув-методик қўлланмалар, 10 дан ортиқ рисолалар, 300 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи[2].

Мукофотлари

  • 1-даражалари „Соғлом авлод учун“ ордени (1999)[3];
  • „Ўзбекистон белгиси“ кўкрак нишони[1];
  • „Маънавият фидойиси“ кўкрак нишони (2021)[7].

Манбалар