Oyrot xonligi
Ойрот хонлиги (Жунғор хонлиги) — Жунғориядаги ўрта аср давлати (1635—1758). Или водийсида яшаётган ойротларнинг чўрос улуси вакили Ботур хунтайжи раҳбарлигида Ёркенд хонлигидан ажралиб чиқиши натижасида барпо этилган. Хон ўрдаси Или водийсида жойлашган. Ойрот хонлиги маъмурий жиҳатдан 4 улусга (чўрос, дербет, хўшоут ва хўйт) бўлинган. Ҳар бир улуснинг бошлиғи тайжи (хон, княз) ҳисобланган. Тайжилар хонлик ҳукмдори — Хунтайжи (Улуғ хон)га бевосита итоат қилган. Ойрот хонлиги 1641 йил Тибетга юриш қилиб, у ердаги ҳокимиятни ағдариб, тахтга будда дини етакчиси Далайламани ўтқазди. 1688—90 йилларда ойрот хони Галдан (1671—97 йиллар ҳукмронлик қилган) Чингизхон салтанатини тиклаш мақсадида Мўғулистонга юриш қилган. Бундан хавотирга тушган Хитойдаги Син империяси (1644—1911) мўғулларни қўллаб-қувватлаб, Ойрот хонлигига қарши ўзи ҳам кураш бошлаган. 1695 йил ёзида Ғарбий Мўғулистондаги ҳал қилувчи жангда хи-тойликлар ғалаба қилган ва Мўғулистонни эгаллаб олган.
Галдан вафотидан сўнг тахтга ўтирган Севан Рабдан (1697—1727) ва унинг ўғли Галдан Серен даври (1727— 45)да Ойрот хонлиги қайта кучайган. Улар Син империяси билан тинчлик алоқаларини ўрнатиш ва ташқи сиёсатдаги фаолликни Ғарб томонга қаратиш ҳамда Ёркенд хонлиги устидан ойротлар ўрнатган назоратни кучайтириш сиёсатини олиб борган. Бироқ, Син империяси Мўғулистонда ўрнашиб олгач, Ойрот хонлигига қарши кураш бошлаган, жумладан, 1717 ва 1731 йилларда 2-марта катта қўшин билан ҳарбий юриш қилган. Аммо, бу юришлар мағлубият билан тугаган. Ойротлар биринчи марта Олтой томондан, иккинчи марта Тибет томондан айланиб ўтиб, Хитой қўшини авангардини орқа тарафдан узиб қўйиш хийласини ишлатиб, кам куч билан катта армия устидан ғолиб чиқиб Син империяси режаларини барбод этган. Син ҳукумати Ойрот хонлиги билан сулҳ битими тузишга мажбур бўлган (1741).
ХВИИИ аср ўрталарида Ойрот хонлигида ички зиддиятлар кучайган. Ҳокимият талашувчи кучлар ичида Син ҳукумати ёрдамида мақсадга эришмоқчи бўлган шахслар пайдо бўлган. Амурсана Син сулоласи учун мақбул шахс деб топилган. Аммо, у Син сулоласининг Ойрот хонлигини бутунлай йўқотишга қаратилган махфий режасидан бехабар бўлган.
1755 йил баҳорда Син империяси Ойрот хонлиги га қарши 50 минг кишилик қўшин билан уруш бошлаган. Қўшин авангардига Амурсана бош бўлган. Ойрот хонлиги йўқ қилинган, лекин Амурсанага тахт берилмаган, у махфий кўрсатма билан Пекинга чақиртирилган. Алданганини билиб қолган Амурсана ўзини хон деб эълон қилиб, Син салтанатига қарши кураш бошлаган, бироқ мағлубиятга учраб Россия ҳудудига қочиб ўтиб, мусофирлиқда вафот этган. Ойрот хонлигининг сўнгги хони Даваци Пекинга олиб кетилиб зиндонга ташланган. Шундай қилиб, Ойрот хонлиги ярим аср давомида Син империясининг ҳужумига қарши туриб, унинг Туркистонга бостириб келишига йўл қўймаган. Ойрот хонлиги барҳам топгандан кейинги ички ва ташқи вазият Син империясига Шарқий Туркистрндан нарига ўтишга имкон бермаган. 1758-йил Ёркенд хонлиги ҳам йўқ қилинган. Шундан кейин Ойрот ва Ёркенд хонликлари ҳудудида Син ҳукумати томонидан ҳарбий-маъмурий тузум ўрнатилган.
Абдулаҳад Хўжаев.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |