Мамонтлар
Палеолит ​​давридаги одамларнинг расмлари (Австралия)

Палеолит (қадимги юнонча: παλαιός [палео]… ва λίθος [литҳос] — тош) — қадимги тош даври. Тош даврини 2 босқичга: Палеолит — палеолит (қадимги) ва неолит — янги тош асрларига бўлиб ўрганиш дастлаб 1865-йил инглиз археологи Ж. Леббок томонидан фанга киритилган. Палеолит қуйи (илк), ўрта ва юқори (сўнгги) қад. тош даврларига бўлинади. Палеолит энг қад. ибтидоий одамларнинг қазилма илк зотлари ҳаёт кечирган улкан тарихий замон ҳисобланади. Ўша қад. замонда ер куррасининг иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси биз яшаб турган даврдан мутлақо ўзгача бўлиб, ундан кескин фарқ қилган. Палеолит даврининг ибтидоий одамлари кертилган дағал тош қуроллардан фойдаланганлар. Улар тош қуролларга сайқал бериш ҳамда сопол идиш ясашни ҳали билмаганлар. Асосан, овчилик ва термачилик билан кун кечириб, ибтидоий деққончилик ва чорвачилик каби машғулотларни ҳали кашф этмаганлар.

Ер курраси қитъаларининг турли минтакаларида ибтидоий одамнинг илк зотлари Палеолитнинг турли босқичларида юзага келган ва бир неча миллион йил давомида яшаб, ўзидан маълум даражада моддий излар қолдирган. ХХ асрнинг 2-ярмида ўтказилган кенг кўламли археологик изланишлар ва қазишлар туфайли 4 қитъа минтақаларидан илк Палеолит даврига мансуб қатор ноёб ёдгорликлар топилиб тадқиқ этилди. Тўпланган моддий топилмалар мажмуаси археологик ва антропология жиҳатидан синчиклаб ўрганилиб, энг қадимги одам — яшаган ва тарқалган ҳудудлари, даврининг босқичлари борасида жиддий аниқликлар киритилиб, фанда муайян кашфиётлар юзага келди. Авваламбор архантроплар илк бор ҳаёт кечирган минтақалар ва тарқалган ҳудудлар доираси кенгайиб, санаси қадимийлашди. Кейинги ярим аср давомида топилиб, тадқиқ этилган энг қад. қазилма одам суяклари қоадиклари ва дағал тош қуроллардан маълум бўлишича, архантроплар илк Палеолит даврида, асосан, Шаркий ва Марказий Африка, Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиё ҳамда Ўрта Осиё ва Европанинг жан., шунингдек, марказий қисмларида истиқомат қилган экан. Улар фанда олдувай, зинжантроп, питекантроп, синантроп ва гейделберг каби катор номлар билан юритилсада, умумий ибо-ра билан „Хомо хабилис“, яъни „ишбилармон одам“ деб аталади. Африканинг энг қад. одамлари замонамиздан 4,5—4, 3,5 — 2 млн. йил мукаддам, Европа архантроплари эса 2,5—2 млн. йил билан 200—150 минг йилликлар оралигидаги даврда ҳаёт кечирганлар. Осиёнинг иқлими, ўсимлик ва хайвонот дунёси ҳам илк Палеолит даврида энг қадимги одамларнинг яшаши учун қулай бўлган. Кейинги 60—70 йил давомида топилиб, ўрганилган кўпдан-кўп моддий қолдиқлар (асосан, қазилма одам суяклари ва дағал тош куроллар)га караганда, Осиё архантроплари (питекантроп ва синантроп) ҳаёт кечирган давр 1,5—1 млн. йилдан то 500 минг йилликлар оралиғида кечган.

== Ўрта Осиёда яшаган энг қадимги одамлар ==питекантроп ва синантропларга замондош бўлганлар. Улар тоғ унгурлари ва ғорлардан бошпана, макон ва манзилгох. сифатида фойдаланишган. Қайроқтош ва чақмоқтошлардан чўқмор, чоппинг ва чоппер каби дағал тош қуроллар ясаб, улардан ирғ-итгич, урғич, чопқич, кавлагич ва кескич сифатида фойдаланганлар. Қўл чўқмори ва чопперлар, даставвал, Фран-сиянинг Сент Ашел маконидан топилгани учун фанда бундай тош қуроллар ашел қуроллари номи билан юритилади.

Илк Палеолит ёдгорликлари Ўрта Осиёда Фарғона водийсининг Сўх сойи соҳилида жойлашган Селунғур ғори, Оҳангарон водийсининг Қизилолмасой бўйида, [[Кўлбулоқ манзилгоҳида, Жанубий Тожикистоннинг Кўлдара ва Жанубий Қозоғистоннинг Аристанди водийсида топиб ўрганилди. Селунгур ғоридан ибтидоий одамнинг суяк қолдиклари (бош чаноғининг бўлаги, елка суяги ва ўндан оптиқ тишлари) топилиб, тадқиқ этилди. Бу даврга мансуб [[Кўлбулоқ манзилгоҳида энг қад. одам тўдалари қарийб ярим млн. йил давомида деярли узлуксиз яшагани маълум бўлди. Шу боис ёдгорлик остида 20 м дан ортиқроқ қалинликда маданий қатлам ҳосил бўлган. Қарийб 20 йиллик қазиш (М. Қосимов) жараёнида 30 мингдан ортиқ тош қуроллар (чўқмор, қирғич пичоқсимон кескич ва нуклеуслар), ҳайвон ва парранда суяклари ҳамда турли хилдаги ўсимлик қолдиклари қайд этилади. Бу топилмалар, шубҳасиз, илк Палеолит одамининг ниҳоятда сермашаққат ҳаёти, тош қуроллар ясаш усуллари ва хом ашёси, шунингдек, ўша замон табиий ва унга боқим бўлган Кўлбулоқнинг овчи ва термачиларнинг истеъмол қилувчилик хўжалиги ҳақида гувоҳлик беради (қаранг [[Кўлбулоқ манзилгоҳи). Сўзсиз, Селунгур ва Кўлбулоқ ёдгорликларининг археология жиҳатидан қазиб ўрганилиши туфайли Ўрта Осиё энг қад. одамлар яшаган масканлар қаторидан ўрин олди.

Палеолицҳунослик тобора янги ноёб ёдгорликлар билан бойиб, палеоантропологик топилмаларни ҳар томонлама синчиклаб чуқур тадқиқ этилиши билан нафақат архантропларнинг яшаган ва тарқалган ҳудудлари кенгайиб, даври қадимийлаштирилди, балки, уларнинг бевосита авлодлари борасида фанда янги фикр-мулоҳаза ва ғоялар пайдо бўлди. Маълум бўлишича, архантропларнинг авлодлари — палеоантроплар замонамиздан қарийб 500 минг йил муқаддам шаклланиб, 150—140 минг йилликлардан бошлаб 100 минг йилдан ошиқроқ давр давомида неандер-таллар билан ёнмаён яшаган экан. Неандерталлар эса одамзотнинг бевосита аждоди ҳисобланмаган. Улар маймунсимон жонзотларнинг ривож топмай қуриб қолган бутоғи сифатида талқин этилмоқда.

Ўрта Палеолит даврида об-ҳаво кескин пасайиб, музликлар даври бошланади. Ҳавонинг совуши оқибатида ва ўсимлик дунёси ҳам тубдан ўзгаради. Иссиқ иқлимга мослашган ҳайвонларнинг бир қисми жан. минтақаларга силжиб, қолгани ҳалок бўлади. Уларнинг ўрнини янги шароитга кўниккан чидамли мамонтлар, юнгдор каркидонлар, узун шохли бизонлар, қўтослар, буғулар, арҳарлар ва бошқа ҳайвонлар эгаллаганлар. Бу даврда овчилик хўжалиги такомиллашиб одам тўдаларининг тўплари катталашган. Тош ва суяклардан турли хилдаги ов қуролларини ясаш такомиллашган. Йирик ҳайвонларга оммавий ов қилиш туфайли катта тўдаларга уюшган қад. одамлар олов ҳосил қилишни кашф этганлар, гулханлар ёқиб, совуқдан ва хавф-хатардан сақланишни, гўштни ўтда пишириб истеъмол қилишни билишган. Йирик ҳайвон суяклари, мамонт тишлари ва кураклари ҳамда ходалардан жар, сой ва кўл ёқаларида ярим ертўла кулбалар қуриб, томини ҳайвон терилари билан ёпиб, саҳнига пўстаклар тўшашган. Суяклардан тешгич, бигиз, сўзан ва игналар ясаб, терилардан ёпинчиқлар тикиб кийишган. Ўрта Палеолит даври охирида эса марҳумларни дафн этиш маросими пайдо бўлган. Ўрта Осиёда 50 дан ортиқ ўрта тош даврининг ёдгорликлари топилиб, ўрганилди. Ўзбекистонда улар Тошкент вилоя-тида Обираҳмат, Хўжакент, Палтов, Кўлбулоқ; Самарқанд вилоятида Омон-қўтон, Қўтирбулоқ, Зирабулоқ, Хўжамазгил; Навоийда Учтут деган жойларда текширилган. Ҳатто Сурхондарёнинг Бойсун туманида Тешиктош унгуридан ўрта Палеолит даврига тегишли 8-9 яшар боланинг қабри топилган. Бу, шубҳасиз, фан оламида жиддий кашфиёт эди. Ўрта Палеолит даврида минг йилликлар оша эришилган ҳаётий ютуқлар уруғдошлик жамоаси ва унинг илк маданиятини шаклланишига асос бўлган.

Юқори Палеолит милоддан аввалги 40—35 минг йилликлардан 12—10 минг йилликка қадар давом этиб, музликларнинг охирги (вюрм) босқичида кечди. Бу даврда йирик ҳайвонларни ов қилиш туфайли одам тўдаларининг катта тўпларга бирлашиши; майда туда ичида экзогамия урфодати муқимлашиб, уруғ жамоаси (матриархат)нинг қарор топиши; узоқ вақт муттасил пиширилган гўштни истеъмол қилиш ва табиий танлов жараёни туфайли одамнинг жисмоний қиёфаси ҳам ўзгарди. Бу даврда ҳозирги замон қиёфадаги аждод — неоантроп, яъни „янги одам“ шаклланди. Бундай одамнинг меҳнат қуроллари ва суяк қолдиклари дастлаб 1868-йилда Фран-сиянинг Кроманон қояси яқинида топилиб, ўрганилгани учун у тарихда кроманон номи билан шуҳрат топди.

Кейинги бир аср давомида Африка, Осиё, Европа, Америка ва Австралия ҳудудларидан кроманонларнинг юзлаб маконлари, ҳар турли найза ва камон ўқининг тош пайконлари, суяк ва ҳайвон шохларидан ясалган бигиз, игна, қармоқ, бурғу (парма) ва хилма-хил безакли ашёлар топилган.

Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистонда юқори Палеолит ёдгорликлари — Кўлбулоқ, Туябўғиз, Сиёбча, Такалисой, Хўжамазгил, Аччисой ва Сари Арк каби ўнлаб ярим ертўла турар жой қолдиқлари топилиб тадқиқ этилди. Улардан тош қирғичлар, кескичлар, пичоқсимон тош қуроллар, тош йўнгичлар, суякдан ясалган игна, бигиз, санчқи ҳамда кулон, туя, буғу ва тўнғиз суяклари қайд этилади. Сиёбча маконида эса юқори Палеолит одамининг жағи, тишлари ва қўл суякларининг топилиши, айниқса, ноёбдир. Шундай қилиб, юқори Палеолит даврининг бошларидаёқ замонавий қиёфадаги одам шаклланиб, у фанда „Хомо сапиенс“ — „ақл-идрокли одам“ номини олди. Бу даврда иқлим шароитнинг таъсири оқибатида одамзоднинг ирқи (европеоид, негроид ва монголоид) ҳамда ҳар хил антропологик турлари вужудга келади. Бу иркларнинг жамоалари Осиё оркали аввал Австралия, сўнгра эса Беринг бўғози ўрнида жойлашган қуруклик орқали Америка қитъасига томон силжиган бўлсалар, улардан бир қисми Европада ва бошқа бир тури эса Африкада яшаганлар. Юқори Палеолит даврида ўқ-ёй кашф этилиб, тасвирий санъат юзага келган. Кроманон одамлари истиқомат қилган ғорларнинг (Алтамира) шиплари ва деворларида рангли бўёклар билан ов манзаралари тасвирлари туширилган. Суяк ва тошлардан аёлларнинг ва турли ҳайвонларнинг ҳайкаллари ясалган. Юқори Палеолитнинг ёдгорликлари фанда Ориняк, Солютре ва Мадлен маданий номлари билан 3 босқичга бўлиб тадқиқ этилган.

Яна қаранг

Адабиёт

  • Борисковский П. И., Кишиликнинг энг қадимги ҳаёти, Т., 1959; Герасимов М. М., Люди каменного века, М., 1964; Семёнов Ю. И., Как возникло человечество, М., 1966; Средняя Азия в эпоху камня и бронзи, М., 1966; Первобитное обшество, М., 1975; Асқаров А., Ўзбекистон тарихи [Энг қадимги даврлардан эрамизнинг В асригача], Т., 1994.

Абдулаҳад Муҳаммаджонов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил