Палпация (лот. палпатио — силаш), пайпаслаш — врачнинг беморни текшириш усули; бунда юза тўқималар ва чуқур жойлашган аъзоларни мунтазам пайпаслаб, терининг температураси ва намлиги, баъзи ички аъзоларнинг катта-кичиклиги, жойланиши, юзаси қандай эканлиги ва консистенсияси, томир уриш хусусиятлари, шунингдек, П.га нисбатан беморнинг реаксияси (оғриқ сезиши) аниқланади. Бимануал (икки қўл ёрдамида), юзаки (қорин бўшлиғидаги аъзолар касаллигида пайпаслаш), чуқур (текширилаётган аъзони қўл билан чуқур босиб пайпаслаш) ва бошқа хиллари бор. Суяклар, бўғимлар, мускуллар, лимфа тугунлари, ўсмалар, юза жойлашган қон томирлар ҳам пайпаслаб текширилади. Ўпка касалликларини (эмфизема, зотилжам), ҳомиладор аёлларда ҳомиланинг катта-кичиклигини аниқлашда П.дан фойдаланилади. Қориндаги аъзолар: меъда, ичак, жигар, талоқ, буйракни текширишда П. усули муҳим аҳамият касб этади, чунки бунда шу аъзолар ҳақида аниқ фикрга эга бўлинади.[1]

Палпация турлари

  • сирғанувчи пайпаслаш- бу усулдан ҳосилалар чегараси, зичлиги ва юзасини аниқлашда фойдаланилади;
  • туртиб кўриш усулидаги пайпаслаш- деворлари юмшоқ бўлгандаги суюқликлар(масалан, қорин бўшлиғидаги ассит бўлганда) ташхислаш учун қўлланилади;
  • бармоқлар билан чуқур босиб кўриш усули- танадаги оғриқ нуқталарини аниқлаш мақсадида бармоқлар билан чуқур босиб кўрилади.[2]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ Гадаев. Ички касалликлар пропиэдевтикаси. Қаралди: 2026-йил 10-июн.