Патология (юн. патҳос – касаллик ва ..логия) – назарий ва клиник тиббиёт соҳаси ҳисобланади. Бу соҳа касалликнинг пайдо бўлиш сабаби, ривожланиш қонунияти, кечиши ва оқибатини ўрганади. Патологик жараёнларнинг умумий қонуниятлари ва сабаблари умумий патологияда, айрим аъзо ва системалар касалликлари хусусий патологияда ўрганилади. Патология патологик анатомия ва патологик физиологияга бўлинади. Бундан ташқари, экспериментал, қиёсий, клиник патология, ўлка патологияси, палео-патология, шунингдек, кимёвий ва физиккимёвий, профессионал, молекуляр ва бошқа патологиялар бор. Экспериментал патология одамлар (хайвонлар)да учрайдиган касалликларни тажриба ҳайвонларида сунъий йўл билан пайдо қилиб, унинг авж олиш механизмларини, қиёсий патология одам ва ҳайвонларда учрайдиган касалликларнинг кечиши ва ривожланишидаги хусусиятларни қиёслаб ўрганади. Клиник патология аъзо ва системаларнинг функсионал ҳолатини аниқлаш мақсадида беморни текширади, шунингдек, клиниклаб, биокимёвий ва бошқа текширувлар ўтказади; ўлка патологияси касалликни турар жойнинг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ ҳолда ўрганади; ишлаб чиқаришдаги зарарли таъсир этувчи омилларни ўрганадиган касб патологияси ҳам бор.

ХИХ асрнинг ўрталарида немис олими Р. Вирхов асос солган селлюляр патология (ҳужайра патологияси) назариясига кўра, касаллик ҳужайра ва аъзоларнинг тузилишидаги ўзгаришлар оқибатидир. Бу касаллик моҳиятини ўрганишда ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Ўзбекистонда патология соҳадаги и.тлар дастлаб ХХ асрнинг 20-йилларида бошланди. Бунда ўлка патологиясига оид муҳим вазифалар ишлаб чиқилди. патологияга оид масалалар 2-ТошТИда 1998-йилдан чоп этиладиган „Патология“ жур.да ёритиб борилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил