Павел Александрович Фалёв (1888-йил 8-октабр, Санкт-Петербург — 1922-йил 3-июл) — рус ва совет этнографи ва туркологи.

Павел Александрович Фалёв
Таваллуди 8-октабр 1888-йил
Санкт-Петербург, Россия империяси
Вафоти 3-июл 1922-йил (33 ёш)
Фуқаролиги Rossiya Россия РСФСР
Соҳаси туркология ва этнография
Иш жойлари
  • Император Санкт-Петербург университети
  • Марказий Жонли Шарқ тиллари институти
Таълими Император Санкт- Петербург университети Шарқ факултети (1912)
Илмий унвони профессор

Биографияси

1888-йил 8-октабрда[1] Санкт-Петербургда туғилган. 15-Рождество бошланғич мактабини (1900) ва 3-шаҳар реал мактабини (1907) тугатган. Санкт-Петербург император университети шарқ факултети араб-форс-турк-татар адабиёти йўналишига ўқишга кирган. Н. Я. Марр, В. Д. Смирнов, А. Н. Самойловичлар қўл остида таҳсил олган. 1912-йилда ,,Эдигей ва Тўхтамиш ҳақидаги нўғай афсоналари" битирув малакавий иши учун 1-даражали диплом ва олтин медални қўлга киритиб, профессорликка тайёрлаш учун университетда қолдирилган. 1913-йил март ойида билимини ошириш мақсадида Европанинг Гота, Дрезден ва Лейпциг кутубхоналарига илмий саёҳат уюштирган. 1914-йил апрел ойида Павел Александрович турк-татар адабиёти бўйича магистрлик имтиҳонини топширган ва Шарқ факултети Илмий кенгаши томонидан Қрим татарлари ва нўғайлар ҳақидаги афсоналарни йиғиш учун Таврия вилояти ва Ставропол ўлкасига юборилган[2].

1915-йил июл ойида Павел Александрович Петроград университетининг Усмонли адабиёти бўлимига ўқитувчиликка қабул қилинган. 1915-йил сентабрда доцент бўлган. 1916-йилда Фанлар академияси топшириғига кўра Кавказ фронтига қадимий ёдгорликларни рўйхатга олиш ва муҳофаза қилиш ишларини олиб бориш учун кетган. Тбилиси ва Бокуда озарбайжон тилини ўрганган. Осиё музейида кичик ассистент сифатида Ван экспедициясидан келган турк тилидаги қўлёзмаларнинг инвентарини тузиш устида ишлаган. Инқилобдан кейин Павел Александрович кафедрада ишлашни давом эттирган. 1919-йилда ижтимоий фанлар факултетининг профессори бўлган. Шу билан бирга Шарқ фанлари амалий академиясининг Усмонли тили бўлимида дарс берган. Академия  Халқ хўжалиги институти билан бирлашгандан кейин ҳам шу кафедрада фаолиятини давом эттирган. 1920-йилдан Марказий тирик Шарқ тиллари институтида ,,қирғиз" (қозоқ) тилидан дарс берган[2].

1921-йилда институт топшириғига биноан маҳаллий аҳолининг тили ва ҳаётини ўрганиш бўйича ўқув амалиётига юборилган талабалар экспедицияси бошлиғи сифатида Туркистонга юборилган. Туркистон Шарқ институтида (Тошкент) ,,қирғиз" (қозоқ) тили ва туркий филологияга кириш фани ўқитувчиси бўлиш таклифини қабул қилган.  Туркистон давлат халқ кутубхонаси библиография бўлими мудири лавозимида ҳам ишлаган. Туркистон Мухтор Совет Социалистик Республикаси Халқ Комиссарлари Советининг илтимосига биноан Тошкентда абадий қолишга қарор қилиб, оиласи ва шахсий буюмларини топшириш ва ташкилий масалаларни ҳал қилиш учун Петроградга жўнаб кетган. Павел Александрович Фалёв йўлда кетаётганида тиф касаллиги билан зарарланиши оқибатида 1922-йил 3-июлда вафот этган.

Илмий фаолияти

Қримда этнографик тадқиқотлар билан шуғулланган. У ерда яшовчи Усмонли турклари орасида янги усмонли тилини, Қрим татарлари фолклорини ўрганган. 1914-йил 3-сентабрдан Таурида илмий архив комиссияси (ТУАК) аъзоси. А. Н. Самойлович билан биргаликда А. А. Боданинский, Э. М. Мартино ва О. Мурасовларнинг материалларини ўз ичига олган Қрим татарларининг мақоллари, ибора ва белгилари тўпламини тизимлаштириш ва қайта ишлаш устида ишлаган. Фалёвнинг мазкур тўпламга ёзган сўзбоши қимматли илмий аҳамиятга эга. В. А. Гордлевский ушбу нашр ҳақида ўзининг „мулоҳазалари“ ни қуйидагича ифодалаган:
"П. А. Фалёв тимсолида олдимизда туркий қабилалар халқ адабиёти ёдгорликларига катта қизиқиш ва билимдонликни очиб берувчи янги турколог турибди".

Олимнинг айрим мақолалари („Араб романи нўғай достонида“, „Қрим-татар зиёлилари мафкурасидан“) ТУАК нашрларида чоп этилган. 1915-йилда Фалёв Эвлия Чалабийнинг Қримга қилган сафари ҳақидаги эслатмаларини ТУАК учун рус тилига таржима қилган. 1915-йилдан бошлаб Фалёв Россия археология жамиятининг Рус географик ва Шарқий бўлимининг Шарқий йўналиши билан ҳамкорлик қилган. Кафедра йиғилишларида Ставропол нўғайлари ва қрим татарларининг халқ эпоси ҳақида маърузалар ўқиган. 1918-йилда Ставропол ва Шимолий Қораденгиз минтақаси ноғайлари фолклорига оид „Оқ-Кобок нўғай эртаги“ асарини, Қрим татарларининг халқ достонини нашр этган. „Манас“ достонининг бир қисмини таржима қилиш билан шуғулланган. 1921-йилда Рус география жамиятининг Туркистон бўлими аъзоси этиб сайланган.

П. А. Фалёв асарларининг библиографик тавсифи билан А. Э. Шмидт, Б. В. Лунин шуғулланган. Олимнинг вафотидан кейин қўлёзма мероси В. В. Бартолд томонидан сақлаб қолинган. 1922-йил 20-августда А. И. Маркевич унга Фалёвдан келган 16 та хатни ТУАК кутубхонасига топширган[3].

Илмий ишлари

  • Пословицы, поговорки и приметы крымских татар, собранные А. А. Боданинским, Э. Л. Мартино и О. Мурасовым. Симферополь: тип. Тавр. губ. земства, 1914. [сайт ишламайди]
  • Пословици, поговорки и примети Кримских татар, собранниэ г. г. Боданинским, Мартино и Мурасовим / под ред. А. Н. Самойловича и П. А. Фалёва; предисл. П. А. Фалёва // Известия Таврической учёной архивной комиссии. — Симферопол, 1915. — № 52. — С. 1—67.
  • Арабская новелла в Ногайском эпосе // Известия Таврической учёной архивной комиссии. — Симферопол, 1915. — № 52. — С. 196—212.
  • Турецкие писатели о причинах упадка Турции. Пг.: Типо-лит. Н. И. Евстифеева, 1916. 
  • Из идеологии кримско-татарской интеллигенсии // Известия Таврической учёной архивной комиссии. — Симферопол, 1918. — № 54. — С. 279—288.
  • Османскиэ рукописи, поступившиэ в Азиацкий Музей Российской Академии Наук с Кавказского фронта // Азиацкий сборник. Из Известий Российской Академии Наук. Новая серия. — Пг., 1918. — С. 1549—1630.
  • Ногайская сказка об Ак-Кöбöк’э // Сборник Музея антропологии и этнографии имени императора Петра Великого. — Пг., 1918. — Т. В, вип. 1. — С. 189—196.
  • Введение в изучение тюркских литератур и наречий : Лекции, читанные профессором П. А. Фалёвым в 1921 году в Туркестанском восточном институте. Ташкент: Туркестанск. гос. изд-во, 1922. 
  • Фет-али-Ахундов. Обманутиэ звёзди. Рассказ / пер. с тур. П. Фалёва; вступ. заметка П. Ф. // Восток. Журнал литератури, науки и искусства. — М.; Пб., 1923. — № 2. — С. 58—76.
  • Старо-османский перевод „кримской“ поэми // Записки Коллегии Востоковедов при Азиацком Музеэ Российской Академии Наук. — Л., 1925. — Т. И. — С. 139—160.

Манбалар

  1. ↑ „Павел Александрович Фалёв (08.10.1888 — 03.07.1922)“. ИВР РАН (Санкт-Петербург). 2021-йил 8-октябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 14-октябр.
  2. ↑ 2,0 2,1 Сосницкий Д. А., Ростовцев Е. А. „Фалёв Павел Александрович“. Биографика СПбГУ. Санкт-Петербургский государственный университет. 2019-йил 8-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 12-октябр.
  3. ↑ Филимонов С. Б.. Хранители исторической памяти Крыма: О наследии Таврической учёной архивной комиссии и Таврического общества истории, археологии и этнографии (1887—1931 гг.), 2-е изд., перераб. и доп, Симферополь: ЧерноморПРЕСС, 2004 — 143-бет. ИСБН 966-572-604-8. 

Адабиёт

  • Гордлевский В. А. Академик В. А. Гордлевский : Избранниэ сочинения : в 4 т.. — М. : Наука, 1968. — Т. ИВ. — 611 с.
  • Биобиблиографический словар отечественних тюркологов. Дооктабрский период / ред. А. Н. Кононов. — 2-э изд,, перераб. — М.: „Наука“, Главная редаксия восточной литератури, 1989. — 298 с. — ИСБН 5-02-016550-6.