Пахта мойи — чигитни пресслаб ёки эритувчилар билан экстраксиялаб олинадиган мой. Тоза Пахта мойи кўпгина органик эритувчиларда эрийди, оч сариқ шаффоф суюқлик, ярим қурийдиган мойлар гуруҳига киради. Пахта мойи тригли-серидлари таркибига, асосан, тўйинмаган ёғ кислоталар: линол (41,7— 53,69%), олеин (23,0—35,2%), тўйинган кислоталар: палмитин (19,6— 23,4%) арахин (0,1—0,7%), стеарин (1,9—2,7%), миристин (0,3—2,0%) киради. Пахта мойининг зичлиги 905–930 кг/м3, нур синдириш коэффициенти 1,472— 1,477, ёд сони 102—111, совунланиш сони 191 — 199. Пахта мойи табиий ҳамда гидрогенланган ҳолда маргарин, истеъмол қилинадиган ёғлар, совун, алиф мой ва бошқа тайёрлашда ишлатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил