Pedagogika

Педагогика (қадимги юнонча: παιδαγωγική) — тарбия, таълим ҳамда маълумот беришнинг назарий ва амалий жиҳатларини ўрганувчи фанлар мажмуаси. Педагогика институтлари ва айрим бошқа ўқув юртларида мутахассислик дастури асосида ўрганиладиган ўқув предмети ҳам педагогика деб юритилади.
Педагогика фан сифатида бола тарбиясининг назарий асослари билан шуғулланган. Замонавий педагогика болалар билан биргаликда катталарнинг ҳам ўқув-тарбиявий, маданий ҳамда маънавий-маърифий тарбияси билан шуғулланишни кўзда тутади.
Педагогика тарбия жараёнининг қонуниятлари, таркиби ва уни ташкил этиш механизмларини тадқиқ этади, тарбиявий ва ўқув ишларининг мазмуни, тамойиллари, уларни ташкил этиш шакл, усул ҳамда йўсинларини белгилаб беради.
Шахсни тарбиялаш, ўқитиш ва шакллантириш педагогиканинг асосий функсияси ҳисобланади. Шахсни тарбиялаш педагогикадаги асосий тушунча саналиб, оила ва жамиятнинг баркамол шахсни шакллантиришга йўналтирилган биргаликдаги фаолиятини англатади. Тарбия ёрдамида инсон шахсининг маънавий жиҳатларини қарор топтириш кўзда тутилади. Дунёқараш, эътиқод, эзгулик, гўзаллик, яхшилик, адолатга доир қараш ва кўникмаларнинг шахс сифатига айлантирилиши тарбия ёрдамидагина амалга оширилади. Инсонлар орасида яшаш, ҳаётда турмуш кечириш ва фаолият кўрсатиш учун зарур бўлган билим, кўникма ва малакалар йиғиндисини ўзлаштиришга қаратилган фаолият ўқитиш тушунчасини ифода этади. Ўқитиш натижасида шахс зарурий билимлар билан таъминланиб, келгусида турли даражадаги махсус маълумотни олиш имконига эга бўлади. Тарбиялаш ва ўқитиш натижасида одамда муайян шахс сифатлари шакллантирилади. Шахсни тарбиялаш ва ўқитиш орқали ўзида олдин бўлмаган маънавий-интеллектуал сифатларга эга бўлади. Бу ҳол шахснинг умри мобайнида узлуксиз давом этади ва унинг ривожланишига омил бўлади.
Инсон ва уни шакллантиришга доир фан сифатида педагогика фалсафа, этика, эстетика, маданияцҳунослик, психология, иқтисодиёт, сиёсацҳунослик, демография, тарих, адабиёт, тиббиёт, математика ва бошқа фанлар билан узвий боғлиқ. Педагогика фани ва амалиёти тараққиётида бу фанларнинг назарий асослари, тадқиқот методлари, илмий хулосаларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда умумлаштириш усулларидан фойдаланади.
Соҳа ва тармоқлари
Педагогикада таълим ва тарбия жараёнларининг қайси жиҳатларини ўрганишдан келиб чиқадиган бир қанча соҳа ва бўлимлар мавжуд. Ўқитишнинг мақсади, вазифалари, тамойиллари, усуллари билан шуғулланадиган соҳаси дидактикадир. Шахснинг ахлоқий сифатларини таркиб топтириш, унда эътиқод, дунёқараш, ахлоқ сингари маънавий жиҳатларни шакллантириш масалаларини педагогиканинг тарбия назарияси ва амалиёти тармоғи ўз ичига олади. Таълим-тарбияни ташкил этиш, уюштириш ва уни бошқариш сингари ташкилий-педагогик ишлар қонунияти педагогиканинг мактабшунослик соҳаси томонидан ишлаб чиқилади. Педагогика ҳамиша муайян ёшдаги, маълум ҳаётий ва ақлий тажрибага эга бўлган кишилар билан иш кўради. Шунинг учун ҳам педагогиканинг қонуниятларини белгилашда таълим-тарбия олувчининг ёш хусусиятларини ҳисобга олиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Шу сабабли педагогика оила педагогикаси, мактабгача таълим педагогикаси, мактаб педагогикаси, касб-ҳунар таълими педагогикаси, олий таълим педагогикаси, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълими педагогикаси каби қисмларга бўлинади ва умумлаштирилган ҳолда ёш педагогикаси деб аталади.
Айрим ўқув фанларини ўқитиш қонуниятлари ва усулларини ўргатувчи методика (тадрис) фанлари ҳам педагогиканинг соҳалари ҳисобланади. Буларга нисбатан дидактика умумий методика ҳисобланади ва ҳар бир алоҳида предмети методикаси хусусий дидактика саналади. Аммо бу хил чегараланиш анчагина шартлидир. Чунончи, адабиёт ўқитиш методикаси дидактикага нисбатан хусусий дидактика ҳисобланади, айни вақтда, у мумтоз адабиёт тарихини ўрганиш методикаси, чет эл адабиётини ўрганиш методикаси, халқ оғзаки ижодини ўрганиш методикасига нисбатан умумий методика вазифасини бажаради. Хусусий методикалар умумий дидактикага таянган ва унинг назарий умумлашмаларига асосланган ҳолдагина ривожлана олади. Айни вақтда, ҳар бир аниқ фанга татбиқ этилган дидактик қонуниятлар ўша ўқув предметини ўқитиш тажрибасидаги ўзига хослик билан бойитилади, умумий жиҳатларни конкретлаштиради, ҳар бир ўзига хосликда ўқитишнинг универсал жиҳатларини намоён этади.
Педагогиканинг жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар ривожланишининг руҳий-жисмоний хусусиятларини, уларни тарбиялаш, ўқитиш ва шакллантиришдаги ўзига хосликларини ҳисобга олиб иш кўрадиган тармоғи дефектологиядир. Дефектология боланинг қандай жисмоний нуқсонга эгалиги ҳамда уларга бериладиган таълим-тарбиянинг йўналтирилганлигига қараб тифлопедагогика, сурдопедагогика, олигофренопедагогика, логопедия сингари тармоқларга бўлинади. Жаҳон ёки миллий тарбия назарияси, дидактика фани ҳамда амалиёти жамият тараққиётининг турли даврларида қандай мазмун-мундарижа, шакл-шамойил касб этганлиги, қайси усул ва шакллардан фойдаланиб иш кўрганлиги, қандай натижаларга эришганлиги каби масалалар педагогика тарихи фани томонидан тадқиқ этилади.
ХХ аср бошларидан қиёсий педагогика фани педагогиканинг алоҳида тармоғи сифатида дунёга келди. Унда жаҳондаги турли халқларнинг педагогик қарашлари ва таълим-тарбия тизими қиёсий-генетик йўсинда бир-бирига солиштирилган ҳолда ўрганилди. Педагогиканинг бу тармоғи таълим-тарбия борасидаги энг илғор усул ва ёндашувларни солиштириш, мақсадга мувофиқларини муайян миллий педагогик фан ва амалиётга татбиқ қилиш имконини беради. Ўзбекистонда ҳозирча қиёсий педагогика алоҳида фан сифатида шаклланмаган бўлса-да, бу борада жиддий изланишлар амалга оширилган.
Тарихи
Педагогика инсон фаолиятининг энг қадимий туридир. У одам билан бирга пайдо бўлган ва одамнинг одамлигини, унинг оила, жамоа ҳамда жамият бўлиб яшашини таъминлаб турган фан ва амалиётдир. Инсоният мавжуд тажрибаларни ўрганиш ва бошқаларга ўргатишни йўлга қўя бошлаган вақтдан, яъни педагогика пайдо бўлганидан буён ҳамда шу туфайлигина мавжуддир. Дастлаб соф амалий характерга эга бўлган ва инсоният кўп йиллар мобайнида орттирган ҳаётий тажрибаларни ёшларга қисқа муддатда ўргатишни кўзда тутган. Бу педагогика удум, одат, анъана тарзида намоён бўлган. Шунинг учун ҳам олдин халқ педагогикаси вужудга келган. Чунончи, ўзбек халқ педагогикасига мувофиқ, кичик ёшдагилар катталардан олдин таомга қўл узатмайди, кўришиш учун олдин катта қўл чўзиши лозим, ота билан масала талашилмайди, катталарга ран қайтарилмайди ва бошқалар.
Одамзоднинг ҳаётий ва ақлий тажрибаси ортиб, турмуш кечириш тарзи хилма-хиллашиб, меҳнат тақсимоти юзага келиб турли фанлар пайдо бўла бошлаши билан педагогика ҳам инсон фаолиятининг алоҳида соҳасига айланди. Таълим ва тарбияга доир қарашлар тизими шаклланди. Лекин булар дарҳол педагогик назарий тизимлар сифатида эмас, балки миллий фикр тарбияга дахлдор қарашлар, ақидалар, ҳикматлар тарзида намоён бўлди. Ёзув пайдо бўлиши билан педагогик қарашлар ёзувга кўчириладиган бўлди. Антик даврдаги мутафаккирларнинг таълим-тарбия борасидаги фикрлари марказида етук инсонни шакллантиришга интилиш истаги турарди. Шумер, Миср, Хитой, Ҳиндистон ва Ўрта Осиёдаги турли маданий-маърифий обидалар моддий маданият намуналаригина бўлиб қолмай, ўз давридаги буюк педагогик мерос ҳамдир. Қадим замонларда пайдо бўлган педагогик қарашлар кўпроқ амалий хусусиятга эга бўлса-да, кейинчалик педагогиканинг алоҳида фан сифатида шаклланишига улкан ҳисса қўшди. Педагогика инсониятнинг ахлоқ-одоби ва маънавиятигагина эмас, балки ақлий ривожига ҳам ҳал қилувчи таъсир кўрсатгани сабабли унинг тараққиёт даражаси жамиятнинг равнақига мувофиқ тарзда рўй берди. Бир қанча мамлакатларнинг ривожига ҳам, бошқаларининг эса қолоқлигига ҳам кўпинча ўша мамлакатдаги педагогиканинг ҳолати сабаб бўлган. Хусусан, Шарқ халқлари ўз вақтида энг қадимий ва илғор педагогик қарашлар тизимини яратган бўлишларига қарамай, шу тизимни замона талабларига мувофиқ тарзда такомиллаштириб бормаганликлари учун кейинчалик илм-фан тараққиёти жиҳатидан қолоқ ҳолга тушиб қолдилар.
Марксистик педагогика
Айтиш керакки, марксистик фалсафа барча ижтимоий ҳодисалар каби педагогикани ҳам ўзи ўйлаб топган ижтимоий-иқтисодий қолипларга мувофиқ тарзда изоҳлашга уриниб келди. Шундан келиб чиқиб, педагогикани партиявий-синфий хусусиятга эга деб қаралди ва турли синфларнинг педагогикаси бир-биридан жиддий фарқ қилади ҳамда ўзаро қарама-қарши бўлади, деб изоҳлади. Шунингдек, марксистик ёндашувга кўра, педагогика ижтимоий-иқтисодий формацияларга мувофиқ бўлади, яъни тузум ўзгариши билан тубдан ўзгариб, олдинги педагогик тизим тўлиқ инкор этилади. Ҳолбуки, фан инсоният тарихи марксизмда айтилган беш формациядан иборат эмаслигини кўрсатди. Бинобарин, шунга мослаб чиқарилган хулосаларнинг сунъий ва ноилмий эканлиги аён бўлди.
Ўзбек педагогикаси
Ўзбек педагогикаси жуда қадимий тарихга эга бўлиб, унинг дастлабки илдизлари Авестода, Урхун-Енисей битикларига, Селунгур маданиятига бориб тақалади. Авестодаги эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал ҳақидаги, кишиларга кўнгил маърифати бериш борасидаги қарашлар ёзма миллий педагогик қарашларнинг дастлабки намунаси бўлиб, етук инсонни шакллантиришга йўналтирилган. Миллий педагогиканинг тараққиётида ислом дини ва тасаввуф таълимоти ҳал қилувчи ўрин тутади. Чунки Қуръон, ҳадис ва тасаввуф таълимотининг марказида ахлоқ, комил инсон маънавиятини шакллантириш турарди. Комил инсон таълим-тарбия ёрдамида, яъни педагогика воситасида таркиб топтирилиши мумкин эди. Форобийнинг фозил одамлари, Беруний, Ибн Сино фалса-ий қарашларидан ўрин олган етук шахслар, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий асарларида тасвирланган бенуқсон одамлар, Абдухолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий, Бобур, Машраб орзулаган комил инсон ўзбек педагогикасининг марказида турарди.
ХВИИ асрдан бошлаб, миллий педагогикада таълим-тарбиянинг моҳиятига эмас, балки ташқи жиҳатларига эътибор кучайди, турмуш талабларини ҳисобга олмай, ҳаётий заминдан узилиш содир бўлди. Натижада, жамият тараққиёти сусайди, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам таназзулга юз тутилди. Педагогикадаги биқиқлик, бирёқламалик кишилар руҳиятига кўчди, ундан ижтимоий тартиботлар ва сиёсий қурилмаларга ўтди. Бутун бир давлат хонликларга бўлиниб кетди. Хонликларнинг ҳар бирининг ичида бир-бири билан келишмовчилик ҳамда ўзаро жанжаллар авж олди. Негаки, жамият ва унда яшайдиган инсонларнинг маънавий ўрнаклари пухта тайин этилмаган эди.
Россия босқини ва шўролар замонида миллий педагогика кучли таназзул даврини бошдан кечирди. Тўғри, айни шу даврда у илмнинг алоҳида соҳаси сифатида таркиб топди. Лекин шўро давридаги ўзбек педагогикаси тўлиғича ғарбий асосларга қурилган, бегона тамойилларга таянган фан бўлди. Унда миллат маънавий тажрибаси, унинг асрлар мобайнида шаклланган анъаналари, руҳий тўлгамлари ҳисобга олинмаганди. Шунинг учун ҳам тўлиқ даҳрийлик асосига қурилган бегона педагогика кўзлаган натижаларга эриша олмади.
Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши натижасида миллий онг бўғувдан, мафкуравий қолипдан, буйруққа мувофиқ фикрлаш зуғумидан қутулди. Бу ҳол педагогиканинг соғлом ақл, миллий руҳият ва анъаналарга мое тарзда йўлга қўйилишига имкон яратди. Бугунги ўзбек педагогикаси миллат руҳиятидаги нозик жиҳатларни ҳисобга олган ва дунё тарбияшунослигидаги энг сўнгги ютуқларга таянган қолда тараққий этмоқда. Замонавий ўзбек педагогикасида баркамол инсонни шакллантириш расмий равишда бош мақсад қилиб белгиланган. Бу педагогика таълим-тарбия жараёнида таълим олувчи ва тарбияланувчиларнинг фаол иштирок этишларини кўзда тутади. Болалар, ёшлар педагогик жараённинг объектигина эмас, балки субъекти, яъни ижрочиси ҳам эканлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни вақтда, барча педагогик тадбирлар таълим-тарбия олувчиларнинг мустақил фикрлашларини таъминлаш, уларда тарбияланиш ва ўқишга эҳтиёж уйғотишга йўналтирилган ҳолда ташкил этилмоқда. Бугунги ўзбек педагогикаси учун муайян билимлар йиғиндиси эмас, балки бола шахси бош қадриятга айланган. Шунинг учун ҳам миллий педагогикада фақат билимли ўқувчилар тайёрлашга эмас, балки изланувчан, ташаббускор шахсни шакллантиришга асосий эътибор берилмоқда.
Муалиф:Саидаҳрорхон Убаев
Манбалар
Адабиётлар
- Педагогика, Қашқадарё, 2025.
- Ўзбек педагогикаси тарихи, қарши, 2024.
- С.Убаев; А. Бобомирзаев. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури: педагогик тадқиқотлар йўналиши ва муаммолари, Қарши, 2026. ;
- Ўзбек педагогикаси антологияси, (тузувчилар: К. Ҳошимов, С. Очилов), 1–2-жилдлар, Тошкент, 1995, 1999.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Педагогикага тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |