Педиатрия (юнонча: паис — гўдак ва иатреиа — даволаш) — бола организмининг анатомик-физиологик хусусиятлари, болалар касалликларининг келиб чиқиш сабаблари ва уларнинг ривожланиш механизмларини ўрганадиган тиббиёт бўлими. Болалардаги касалликларни аниқлаш, даволаш ва уларнинг олдини олиш усулларини ишлаб чиқади.

Болаларни овқатлантириш, парвариш қилиш, баъзи болалар касалликларини даволаш тўғрисида айрим фикр ва маслаҳатлар берувчи мутахассис Гиппократ, Гален, Абу Али ибн Сино ва бошқа асарларида учраса ҳам, педиатрия ХХ асрнинг 2-ярмида мустақил фан сифатида шаклланди.

Ўзбекистонда педиатрия соҳасидаги тадқиқотлар Ўрта Осиё университети тиббиёт факултети болалар касалликлари кафедрасида бошланди. 1927-йилда Тошкентда оналик ва боланикни муҳофаза қилиш илмий тадқиқот институтининг ташкил қилиниши, кейинчалик тиббиёт институтларида педиатрия факултетининг очилиши, 1962-йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида „Болалар организмининг норма ва патологиядаги ёш хусусиятлари“ муаммолари республика комиссиясининг тузилиши, 1966-йилда „Акушерлик, гинекология ва педиатрия илмий тадқиқот институти“ нинг қайта ташкил қилиниши, 1972-йилда Ўрта Осиё педиатрия тиббиёт институти (ҳозир Тошкент педиатрия тиббиёт институти) нинг барпо этилиши педиатрия фанининг тез ривожланишига имкон берди.

1920-йилдан бошлаб маҳаллий турмуш шароитлари, уларнинг бола организмига таъсири, Ўзбекистон шароитида болалар касалликларининг кечиш хусусиятлари ва уларнинг олдини олиш йўлларини ўрганишга киришилди. Безгак касаллиги (Н. И. Осиновский, К. Г. Титов, Л. М. Исаев, Л. С. Александрова), болаликдаги виссерал лейшманиоз ва бошқа касалликлар ўрганилди (Н. И. Ходукин, Р. С. Гершенович, М. А. Мирзоян, В. К. Иванов), 50—60-йилларда болалардаги ўткир ва сурункали меъда-ичак касалликлари устида иш олиб борилди (С. Г. Шамсиев, Ҳ. А. Юнусова, О. С. Махмудов, В. Г. Балобонкин, М. А. Мирзамуҳамедов, Ф. Х. Назармуҳамедов, Б. А. Аминов, А. Ҳ. Ҳамроев ва бошқалар).

Республикамиз иқлим шароитида болалар сийдик йўлининг физиологияси ва патологияси (К. Х. Тоҳиров, Л. С. Александрова, А. С. Сайдалиев, А. С. Сулаймонов), болалар сили (М. 3. Лю-бецкая, А. А. Саидахмедов, В. А. Элконина), қон касалликлари ўрганилди (А. Т. Тўраев, Н. Н. Чуканин, 3. Н. Бекна-зарова). Она қорнидалигида гипотрофияга учраган болаларда уларнинг ёшига ва овқатланиш турига қараб аминокислоталар алмашинуви масаласи, нефритда болалар иммун реактивлиги кўрсаткичлари, ўткир ва сурункали вирусли гепатитларнинг олдини олиш, уларга ташхис қўйиш ва даволаш масалалари (Ҳ. А. Юнусова, О. С. Махмудов, Н. С. Логинова, К. М. Мирзаев, Т. О. Даминов), ўт пуфаги ва ўт йўллари касалликлари, ревматик касалликлар, ёш болаларда электроэнсефалик хусусиятлар ўрганилди (М. А. Мирзамуҳамедов, И. А. Бодня, С. Н. Йўлдошева, М. Р. Нуритдинов, А. Т. Оқилов, С. Абдураҳмонова ва бошқалар). Болалардаги зотилжам, аллергик ва иммунологик касалликлар, шунингдек, педиатрия фани ва амалиётининг энг долзарб муаммоси — соғлом авлодни тарбиялаш ва вояга етказиш устида кенг кўламда илмий ишлар олиб борилмоқда. Бола соғлиқ ҳолатининг мамлакатимизга хос бўлган меъёр кўрсаткичлари, бола организмининг иммун ҳолати, соғлом ва бемор бола овқатланиши масаласи ҳамда буни яхшилаш йўлйўриқлари, соғлом турмуш тарзини тарғибот қилиш ва бошқа муаммоларни ҳар томонлама ўрганиш бўйича илмий изланишлар давом эттирилмоқда.

Адабиётлар

Дилбар Маҳмудова[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил