Перидотит — ўта асосли интрузив тоғ жинси. Таркиби, асосан, оливин (40—90%), пироксен, баъзан шох ал-дамчисидан иборат. П.да кремнезём миқдори СиО2 44% дан ошмайди. Шунингдек, иккинчи даражали минерал сифатида магнетит, илменит, пирротин, хромит, шпинел, гранат ва бошқа, баъзан платина ҳамда айрим никел минераллари учрайди. П. бурмаланган минтақаларда ўта асосли ва асосли тоғ жинслари билан биргаликда ҳамда ало-ҳида массивлар ҳолида учрайди. П. юқори мантиянинг асосий қисмини ташкил этувчи тоғ жинсидир. Ҳозирги тасаввурларга кўра, П.нинг барча турлари мантиядаги ўта асосли магманинг маҳсулидир. Баъзан П. базалт магмаси дифференсиацияланишининг маҳсули бўлиб, габбро массивларининг чекка фацияларини ташкил қилади. П. тўқ рангли жинс, кўпинча яшил ёки яшил кулранг бўлади. Айрим пайтда оливин ва пироксенлар кучли серпентинлашиб, П. змеевикка айланади. П.нинг гарсбургит (саксонит), верлит, вебстерит (лерсолит) каби турлари мавжуд. П. бошқа ўта асосли ва асосли тоғ жинслари билан бирга катта масофага чўзилган минтақа ва зоналар ҳосил қилади. Бундай жойларда хромит, платина ва силикатли никел ру-далари, хризотил-асбест, талк ва бошқа фойдали қазилма конлари учрайди.

Манбалар