Periodontit
Периодонтит (пери… ва юнонча: одонтос — тиш), перицементит — тиш илдизи атрофидаги тўқималар (периодонт)нинг яллиғланиши[1].
| Периодонтит | |
|---|---|
|
Илдиз остидаги периодонтал жараён | |
| Классификацияси ва ташқи линклар | |
| ДисеасесДБ | 29362 |
| МедлинеПлус | 001059 |
| МеСҲ | Д010485 |
Таснифи
Периодонтитларни келиб чиқишига кўра инфексияли, жароҳатли ва кимёвий турларга бўлинади.
Инфексияли периодонтитни келиб чиқишида стрептококк микроблари асосий ўрин тутади. Микроблар ва чириган пулпа токсинлари илдиз канали ёки милк чўнтаги орқали периодонтал ёриққа келиб тушади. Камданкам ҳолларда инфексия қон ва лимфа орқали кириб келиши мумкин (грипп, тиф ва бошқалар).
Шикастланиш жараёнида ҳосил бўлган периодонтит тишга бир зумли шикаст (зарб) ва бир неча бор таъсир этувчи микро шикастлар
(прикусни кўтарувчи пломба, қоплама), зарарли одатлар (қаламни тиш қаторида ушлаш, тишларда мих ушлаш) каби таъсирлар натижасида пайдо бўлади.
Кимёвий таъсирдан келиб чиқувчи периодонтит арсенат паста, формалин, феноллар таъсирида келиб чиқади. Касалликнинг клиник кечишига
кўра ўткир ва сурункали периодонтитлар бир биридан фарқланади. Яллиғланишнинг жойлашишига кўра илдиз учи — апикал ва илдиз
четларга бўлинади. Ўткир периодонтитлар экссудатига кўра ўткир сероз ва ўткир йиринглилига бўлинади. Сурункали илдиз учи периодонтитлари периодонт тўқимасини зарарланиш характери ва даражасига кўра қуйидагиларга бўлинади:
1. Сурункали фиброз;
2. Сурункали гранулацияловчи периодонтит;
3. Сурункали гранулематоз периодонтит.
Сурункали периодонтитлар нохуш ташқи муҳит таъсирида ўткирлашиши кузатилади. Шунга асосланган ҳолда сурункали периодонтит ҳуружи ҳам
фарқланади.
Ўткир периодонтитлар
Ўткир илдиз учи периодонтит
Бемор кескин, доимий чегараланган оғриқдан шикоят қилади. Оғриқларнинг кучи қизариш даражасига, шишнинг ҳажмига ва экссудатга боғлиқ. Касалликнинг бошланишида оғриқлар суст, симилловчи бўлиб, сабабчи тиш атрофида бўлади. Сўнг оғриқлар кучли, иррадиацияловчига айланади. Кўпчилик авторларнинг фикрига кўра бундай оғриқ экссудатнинг йирингли формасига ўтганлигидан далолат беради. Илдиз учидаги ўткир заҳарланиш 2-3 кундан икки ҳафтагача давом этади. Ўткир периодонтитни шартли равишда икки босқичга бўлиш мумкин.
Биринчи босқич
Пулпитни ўз вақтида ёки хато даволаш оқибатида келиб чиқади. Бу босқич учун давомли, симилловчи оғриқлар характерли. Айрим ҳолларда сабабчи тишни тишлаб босилганда ҳам оғриқлар пайдо бўлади. Сабабчи тиш атрофидаги милкнинг ҳолати ўзгармайди. Вертикал перкуссияда периодонтнинг сезувчанлиги аниқланади.
Иккинчи босқич
Бу босқичда экссудатланиш жараёни ортиб боради. Оғриқлар доимий бўлиб секин-аста кучайиб боради. Касалланган тишни тишлаб босилганда оғриқлар зўраяди, ҳатто тилнинг тегиб кетиши ҳам оғриқларни кучайтиради. Перкуссия кескин оғриқли бўлади. Тиш қимирлаб қолади ва худди ўсиб қолганга ўхшайди. Тиш атрофидаги милк қизаради, шишади, палпацияда тишнинг илдиз учи соҳаси оғриқли бўлади. Пулпа некрозга учрагани учун тиш термик таъсирлардан, электр таассуротлардан таъсирланмайди. Айрим ҳолларда жағ атрофи тўқималарида шиш кузатилади. Инфилтрат ёки абссесс ҳисобига ўтув бурма яссилашади. Бу ҳолда перкуссия кучсиз оғриқли бўлиб палпация кескин оғриқга айланади. Палпацияда флюктуация аниқланиши мумкин. Йирингли экссудатнинг ёриб чиқиши натижасида милк ва юз шишлари кичраяди, оғриқлар эса сусаяди.
Сурункали периодонтитлар
Сурункали периодонтитларнинг клиник белгилари ўткир периодонтитларга нисбатан бирмунча оз ифодаланган. Шунинг учун солиштирма ташҳисни рентгенограммасиз ўтказиш ўта мушкул.
Сурункали фиброз периодонтит
Сурункали фиброз периодонтит клиник белгиларсиз кечади. Бемор оғриқларни сезмайди. Фақатгина кариес коваги борлигига, унга овқат қолдиқлари кириб қолиши ва оғиздан нохуш ҳид келишидан шикоят қилади. Сурункали фиброз периодонтит, аввал, даволанган пулпут, травматик артикуляция оқибатида келиб чиқиши мумкин. Тиш қимирламайди, перкуссия, палпация оғриқсиз, тиш атрофидаги милк ўзгаришсиз. Зондланганда тиш бўшлиғи очиқ, оғриқсиз бўлади. Сурункали фиброз периодонтитга ташхис рентгенограмма асосида ўтказилади. Рентгенограммада илдиз учидаги периодонтал ёриқнинг деформацияси, кенгайганлиги аниқланади. Суяк тўқимасининг резорбсияси кузатилмайди.
Сурункали гранулацияловчи периодонтит
Периодонтитнинг бу турида бемор сабабчи тиш атрофида ёқимсиз сезги, қичишиш, тишга босганда кучсиз оғриқни сезиши мумкин. Оғриқли сезгилар доимий эмас. Касал тиш атрофидаги милк қизариб, шишади ва йирингли экссудатли оқма ҳосил бўлиб грануляциялар пайдо бўлади. Тишнинг тож қисми ранги ўзгарган, тукиллатиб кўрилганда оғриқсиз ёки кучсиз оғриқли бўлади. Зондланганда тиш бўшлиғи очиқ, оғриқли. Тиш атрофи тўқималар палпацияси оғриқли. Ияк ости ва жағ ости лимфа тугунларини шишиши ҳам кузатилиши мумкин. Қолган сурункали периодонтитларга нисбатан гранулацияланувчи периодонтитнинг ўткирлашуви содир бўлиб туради. Рентгенограммада илдиз учида суяк тўқимасининг нотекис сўрилиши кузатилади.
Сурункали гранулематоз периодонтит
Сурункали гранулематоз периодонтитда кўпинча оғриқлар бўлмайди, лекин ўқтин-ўқтин яллиғланиш жараёнининг ўткирлашуви содир бўлиб туради. Тиш атрофидаги шиллиқ парда ўзгаришсиз, айрим ҳолларда озгина қизарган бўлади. Тиш қимирламайди, перкуссия, палпация, зондлаш оғриқсиз бўлади. Ташхис рентгенограмма асосида аниқланади. Рентгенограммада илдиз
учида суяк тўқимасининг 0,5 мм дан кичик, текис, аниқ чегараланган сўрилиши кузатилади. Агар илдиз учидаги гранулеманинг ҳажми 0,5 мм 0,8 мм гача бўлса кистадан далолат беради.
Сурункали периодонтитнинг ҳуружи
Касалликнинг клиник кўриниши ўткир периодонтитга ўхшаб кетади. Бунда беморда доимий оғриқ, юмшоқ тўқималар шишиши, лимфа тугунларининг катталашиши, тишнинг бироз қимирлаб қолиши, тиш атрофидаги ўтув бурма пайпаслаб кўрилганда оғриқлилиги кузатилади. Бемор ҳолсизланиб боши оғрийди, уйқуси йўқолади, тана ҳарорати кўтарилади. Рентгенограммада сурункали периодонтитнинг бирор тури аниқланади.
Даволаш
Ўткир периодонтитларни даволаш
Ўткир периодонтитни даволаш усули нафақат касалликнинг клиник кечишига балки касалликни келтириб чиқарган сабабга ҳам боғлиқ. Ўткир периодонтит кимёвий таъсир оқибатида келиб чиққан бўлса, коронка ва илдиз қисмидаги пулпани олиб ташлаш лозим. Ўткир периодонтит илдиз каналига кислота, ишқор, кучли антисептикларни киритиш оқибатида келиб чиққан бўлса, илдиз каналида тескари таъсир этувчи моддалар билан ишлов бериш керак бўлади. Илдиз каналига 3 % перикис водород, 1:5000 ли фурациллин эритмаси, ферментлар (трепсин, химотрепсинлар) билан ишлов берилади. Илдиз каналида 1-2 кунга эвгенол, қалампир мойи билан турунда вақтинчалик пломба остида қолдирилади. Агар 2 кун ичида тиш безовта қилмаса, перкуссия оғриқсиз бўлса, илдиз
канали илдиз учигача пломбаланади ва доимий пломба қўйилади. Агар тиш 2 кун ичида оғриса вақтинчалик пломба олиб ташланади ва илдиз каналларига қайтадан ишлов берилиб муолажа такрорланади. Бундай ҳолларда периодонт яллиғланишини самарали даволаш учун физиотерапия усулларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўткир периодонтитда яллиғланиш реаксияси ва экссудатнинг ортиши натижасида тиш атрофидаги шиллиқ парда қизаради, шишади. Бундай ҳолларда турбинали бор машина ёрдамида тиш бўшлиғи очилади ва
экссудатнинг оқишини таъминлаш мақсадида тишни очиқ ҳолда қолдириш керак бўлади. Бемор оғзини гипертоник эритмаларда чайиши ва овқатланишдан аввал тиш бўшлиғини пахтали тампон билан беркитиши керак бўлади. Беморнинг иккинчи марта келишида илдиз канал ларига механик ва химик ишлов берилиб, антисептик восита билан вақтинчалик пломба қўйилади. Беморнинг учинчи марта келишида вақтинчалик пломба олиниб, илдиз каналлари пломбаланади ва доимий пломба қўйилади. Шикастланиш таъсирида келиб чиққан ўткир периодонтитни даволаш таъсир этувчи шикастни аниқлаш ва уни бартараф этишдан бошланади. Қолган даво симптоматик.
Сурункали периодонтитларни даволаш
Сурункали периодонтитни даволаш оғриқсиз кечади. Сурункали периодонтитларни муваффақиятли даволаш учун илдиз каналлари ўтувчан бўлиши керак. Сурункали фиброз периодонтитда илдиз канали апикал тешиккача, сурункали грануляцияловчи ва гранулематоз периодонтитда илдиз апикал тешигидан ошириб пломбаланади. Беморнинг биринчи келишида кариес ковагига ишлов, шакл берилиб, пулпа бўшлиғи кенгайтирилиб, пулпекстрактор ёрдамида чириган, парчаланган пулпа тўқимасини оҳисталик билан босқичма-босқич чиқарилади. Тозаланган илдиз канали антисептик модда эритмаси 2 % хлорамин, 0,1 % хлоргексин билан ювилади, қуритилади. Илдиз каналида антисептик модда ёки ферментли турунда вақтинчалик герметик пломба
остига қўйилади. Беморнинг иккинчи келишида вақтинчалик пломба, турунда олиб ташланади. Илдиз каналига химик ишлов берилиб қуритилгандан сўнг пломбаланади.
Периодонтитни даволаш жараёнидаги асоратлар
Асоратлар даволаш жараёнида ва даволангандан сўнг ҳам келиб чиқиши мумкин. Илдиз каналига химик ишлов берганда (формалин, фенол) периодонтни таъсирлаш оқибатида оғриқ пайдо бўлади. Буни бартараф этиш учун эвгинол ёки қалампир мойи қолдирилади ёки калий ёд билан электрофорез қилинади[3].
Яна қаранг
Таянч иборалар
Периодонтит — периодонт тўқимасининг ялиғланишини;
Апикал периодонтит — яллиғланиш илдиз учи қисмида жойлашса;
Маргинал периодонтит — яллиғланиш илдиз милкка яқин қисмида жойлашса;
Деформация — шаклнинг ўзгариши .
Манбалар
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ „Периодонтит“.
- ↑ Н.А. Ташпулатова.. Стоматологик касалликлар. «Фан ва технология» 2016.