Персона нон грата (лотинча: персона нон грата — номатлуб шахс) — 1) бирор давлатга дипломатик вакил этиб тайинланишига ўша давлат ҳукумати томонидан розилик берилмаган ёки ишончни йўқотган ва чақириб олиниши лозим бўлган дипломатик вакил. Персона нон грата деб эълон қилиш мазкур дипломат, унинг оила аъзоси ёки дипломатик вакилликнинг бошқа бирор ходимини шу мамлакат ҳудудида бундан буён бўлиши номатлуб деб топилганлигини билдиради. Бундай қарорга келиш давлат томонидан ўзининг тегишли одамини айтилган муддатда чақириб олишни тақозо этади, агар муайян муддат белгиланмаган бўлса, иложи борича тезроқ чақириб олиш чораси кўрилиши керак. Агар талаб бажарилмаса дипломатни маҳаллий маъмурлар хусусий шахс деб эълон қилиб, унга оддий хорижий фуқаро сифатида муносабатда бўладилар; 2) кўчма маънода — хайрихоҳлик билан қаралмайдиган одам[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил