Пешдодийлар — қад. Эрондаги афсонавий шохлар сулоласи. "Бундахшин", "Динкард", "Шоҳнома" каби манбаларга кўра, П. сулоласи 2441-йил ҳукм сурган. "Шоҳнома"да Каюмарс, Ҳушанг, Таҳмурас, Жамшид, Заҳҳок, Фаридун, Манучеҳр, Навзар, Зови Тахмосп, Гуштасплар П. сифатида тас-вирланган. Авестонннг "Яшт"ларида ҳамда паҳлавий тилидаги ёдгорликларда эса, улардан 7 таси санаб ўтилади, "парадата" — пешдод Ҳушангнинг унвони сифатида таъкидланади. Фирдавсий (Шоҳнома)да П.ни тарихий шахслар тарзида тасвирлаган. П. элни дев, аждар, ажиналар ва бошқа ғайритабиий кучлардан ҳимоя қилишган. Манучеҳр давридагина ўзаро ички низолар, ташқи душманга қарши кураш давом этган. Жумладан, "Шоҳнома"да унинг Афросиёб билан юрт талашиб қилган жанглари тасвирланган.

Адабиёт

  • Фирдавсий, Шоҳнома, 1-ж., Т., 1974.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил