Petroglif
Петроглиф — қоятош санъатининг бир шакли бўлиб, тош сиртининг бир қисмини ўйиш, кесиш ёки қириш орқали ҳосил қилинган тасвир. Ушбу атама, одатда, ибтидоий халқлар фаолияти билан боғлиқ бўлган қадимий қоятош ўймакорлиги расмларига нисбатан қўлланади. Австралиянинг Ғарбий қисмидаги Муружуга конида жойлашган, ёши 40 000–50 000 йилга тенг бўлган петроглифлар дунёдаги энг қадимий қоятош тасвирлари ҳисобланади. Айрим петроглифлар муҳофаза қилинадиган ёдгорликлар мақомига эга, баъзилари эса ЙУНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ёки ушбу мақомни олиш учун топширилган.
Этимологияси ва маъноси
Петроглиф сўзи юнонча петро- (юнонча: πέτρα — „тош“) префикси ва глýпҳō (юнонча γλύφω — „ўйиш“, „йўниш“) сўзидан келиб чиққан бўлиб, дастлаб франсуз тилида пéтроглйпҳе шаклида муомалага киритилган.
Илмий матнларда петроглиф тошга ўйилган тасвирни англатади, петрограф (ёки пиктограф) эса тошга чизилган расм ҳисобланади. Оммавий мулоқотда эса бу сўзлар баъзан бир-бирининг ўрнида алмашлаб қўлланилаверади.
Петроглифлар ва петрографлар тош санъати ёки деворий санъат каби кенгроқ ҳамда умумийроқ тушунчага киради. Ер сиртида кўплаб йирик тошлар ва харсанглар воситасида ҳосил қилинган нақш ва шакллар — петроформлар эса улардан мутлақо фарқ қилади. Инуксуклар ҳам петроглиф эмас, балки Арктика ҳудудларида инсон қўли билан тошлардан тикланган ўзига хос шакллардир.
Тарихи
Петроглифлар Антарктидадан ташқари ер шарининг барча қисмларида топилган бўлиб, уларнинг энг зич жойлашган ҳудудлари Африка, Скандинавия ва Сибирнинг айрим қисмларига тўғри келади. Дунё бўйлаб топилган петроглифларнинг кўплаб намуналари тахминан неолит ва сўнгги юқори палеолит чегарасига (тахминан 10 000 — 12 000 йил аввалги даврга) бориб тақалади.
Энг қадимий петроглифлар Ғарбий Австралиядаги Муружуга конида жойлашган бўлиб, уларнинг айримлари 40 000–50 000 йиллик тарихга эга деб баҳоланади. Муружуга маскани ЙУНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Тахминан 7 000 — 9 000 йил аввал, ёзув тизимларининг илк кўринишлари пайдо бўлиши ортидан петроглифларнинг мавжудлиги ва яратилиши инқирозга юз тутиб, секин-аста камая бошлади ҳамда уларнинг ўрнини пиктограммалар ва идеограммалар каби санъатнинг бошқа шакллари эгаллади. Шунга қарамай, петроглифлар яратилиши давом этди ва муайян даражада оммабоп бўлиб қолди. Турли маданиятлар улардан турлича муддат давомида фойдаландилар, ҳатто айрим халқлар 19- ва 20-асрларда Ғарб маданияти билан тўқнаш келгунига қадар ҳам петроглифлар яратишда давом этдилар.
Талқинлар
Петроглифларнинг жойлашуви, ёши ва мавзу йўналишига қараб, уларнинг яратилиш мақсади хусусида кўплаб гипотезалар мавжуд. Ушбу тасвирларнинг аксарияти уларни яратган жамиятлар учун, катта эҳтимол билан, чуқур маданий ва диний аҳамиятга эга бўлган. Кўплаб петроглифлар ҳали охиригача тўлиқ англаб етилмаган рамзий ёки маросим мулоқот тили ва услубини акс эттиради деб ҳисобланади. Бошқа бир тури, масалан, геоконтурглифлар эса дарёлар ва бошқа географик обектлар каби релеф шакллари ёки атрофдаги жой релефини анча аниқ тасвирлайди ҳамда гавдалантиради.
Сўқмоқ йўлларни тасвирлайдиган, шунингдек, у бўйлаб босиб ўтилган вақт ва масофани билдирувчи рамзларни ўз ичига олган харита-петроглифлар ҳам сақланиб қолган. Бошқа бир харита-петроглифлар эса астрономик белги вазифасини ўтайди. Географик ва астрономик аҳамиятга эга бўлиш билан бирга, айрим петроглифлар турли маросимларнинг маҳсули сифатида ҳам пайдо бўлган бўлиши мумкин. Масалан, Ҳиндистондаги айрим масканларда баъзи петроглифлар мусиқий чолғу ролини ўтагани аниқланган.