Пейзаж (франс. пайсаге — мамлакат, жой) —1) рассомлик (рангтасвир, графика) ва ҳайкалтарошлик (релеф)да табиатни акс эттирувчи жанр ёки шу жанрда яратилган алоҳида асар (қаранг Мантра); 2)адабиётда — бадиий сўз воситасидаги табиат тасвири, ифодаси. Пейзаж ёзувчининг ўз асарида танлаган ифода усули ва ижодий услуби билан боғлиқ ҳолда турлича вазифаларни бажариши мумкин. Табиат манзараси тасвири орқали ёзувчи ўзининг юртига, Ватанига, она табиатга бўлган муносабатини ифодалайди. Табиат тасвири сюжетнинг таркибий қисмларидан бири бўлиб, асарнинг ғоявий-эстетик қувватини ошириш, сюжет ривожини тезлатиш ёки секинлатиш, қаҳрамоннинг ички дунёсини очиш каби вазифаларни ба-жаради. Бу билан пейзаж бадиий асарда иштирок этувчи персонажларни янада тўлақонли ифодалашга ёрдам беради. Бадиий асарда пейзаждан 2 хил усулда фойдаланилади: қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини табиат тасвири билан параллел равишда тасвирлаш ва қарама-қарши (контраст) усулда тасвирлаш. Пейзаж тасвири орқали муаллиф ўзининг асосий ғоявий ниятини илгари суриши ҳам мумкин. Масалан, Чўлпон "Куз" шеърида фасл кўринишини чизиш орқали рус босқинчилигининг мудҳиш оқибатларини кўрсатмоқчи бўлади. Шунингдек, Ойбекнинг "Наъматак", Ҳ.Олимжоннинг "Ўзбекистон", "Ўрик гуллаганда", А.Ориповнинг "Сен баҳорни соғинма-дингми?" шеърлари пейзаж лирикасининг энг яхши намуналари ҳисобланади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил