Piskom tizmasi
Писком тизмаси — Ғарбий Тян-Шандаги тизма. Шимоли-шарқдан жануби-ғарбга 130 км га чўзилган. Ўртача баландлиги 3200 м. Шимоли-шарқда 4000 м дан жануби-ғарбда 1900 м гача пасайиб боради. Энг баланд жойи — Бештор чўққиси (4291 м). Тизмада Пиёзак (3718), Оқтуяўлган (4224 м), Опалитов (4216 м) каби чўққилар бор. Ёнбағирлари тик, Писком, Кўксув, Чатқол, Сандалаш дарёларининг ирмоқлари билан ўйилган. Шимоли-ғарбий ёнбағри нисбатан қия, Писком дарёсига зинапоясимон пасайиб боради. Жануби-шарқий ёнбағри эса қисқароқ бўлиб, унда бир нечта текис юзалар (Катта Сандиқ, Кичик Сандиқ, Бахтол) мавжуд. Тизма палеозой даври чўкинди ва отқинди тоғ жинсларидан ташкил топган. Тектоник жиҳатдан герсин бурмаланишида шаклланган мега-антиклинал бўлиб, тўртламчи даврда содир бўлган янги тектоник ҳаракатлар натижасида кўтарилган. Қиши совуқ, ёзи эса салқин, сернам, йиллик ёғин миқдори пастки қисмида 600 мм дан, юқори қисмида 1200–2000 мм га ортади. Писком тизмасидан Писком дарёсининг ирмоғи Ойгайинг ва бошқа бир қанча сойлар бошланади. Тизманинг сувайирғич қисмида 270 дан зиёд музлик бўлиб, уларнинг умумий майдони 80 км² дан ортиқ. Тизма ҳудудида тўқ бўз, жигарранг, қўнғир тоғ-ўрмон, тоғ-ўтлоқ тупроқлар тарқалган; олма, дўлана, ёнғоқ, арча ва бошқа ўсади.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Географияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |