Пластиклик (қадимги юнонча: пластикос — „ишловга мойиллик“) — ташқи куч ёки зўрикиш (кучланиш) таъсирида қаттиқ жисмларнинг ўлчамлари ва шакли дастлабки ҳолига қайтмайдиган бўлиб ўзгариш (пластик деформацияланиш) хоссаси. Материалларга босим билан ишлов бериш (болғалаш, пресслаш ва бошқалар) имконини белгилайди. Ташқи куч таъсирида кристалл панжара атомлари орасидаги ўзаро таъсир кучлари ўзгаради (деформацияланади). Пластик деформацияланишда панжара атомлари бир-бирига нисбатан кўчади, оқибатда кристалл қатламларнинг бир-бирига нисбатан силжиши, кристалл панжара бузилиши, иссиқиик ҳаракати туфайли жисм атом тузилишининг ўзгариши кузатилади. Жисмнинг мўртлиги, пластиклиги шароитга боғлиқ. Маълум бир шароитда (мас, юқори температурада) унинг бундай хоссалари бутунлай йўқолади. Металларнинг пластиклик ҳолатига ўтиши маълум шароитда рўй беради, бу ҳолат чегаравий ҳолат деб юритилади. Жисмларнинг пластикликги деформацияланиш тезлиги, температура ва жисмнинг тузилишига боғлиқ.

Пластикликнинг турли хиллари мавжуд. Ўздиффузион ва диффузион пластикликда ташқи сиқувчи куч таъсирида кристалларнинг атом қатламлари шу куч таъсир этаётган сиртдан бошқа жойга силжийди. Бунда масса кўчиши сирт бўйича ёки кристалл ҳажми бўйича ўздиффузия туфайли амалга ошади. Дислокацион пластикликда кристаллографик текисликдаги сирпаниш кристаллнинг пластик деформацияланишига сабаб бўлади. Сирпаниш ҳар хил содир бўлади: дастлаб, у текисликнинг бир зонасида юз бераётган бўлса, бу зонанинг чегараси бутун текисликка ёйилади. Сирпанишнинг ёйиш чегараси дислокация чизиғи ёки дислокация дейилади. Краудион пластиклик кристалддаги зич жойлашган атом каторлари бўйлаб атомлар қуюқланмаси (краудинлар) ҳосил бўлишига асосланган. Кристалл сиртига тиг ботирилса, атомлар шу соҳадан узоқлашади, натижада тиғ ботирилаётган сиртдан маълум масофада атом консентрацияси ошади — Кристаллда тугунлараро атомлар ҳосил бўлади.

Краудион пластиклик: И — тиғ ботирилгунча; ИИ — тиғ ботирилганда атомлар куюкланмаси ҳосил бўлади; ИИИ — шаклнинг узил-кесил ўзгариши. Кристаллда тугунлараро атомлар ҳосил бўлади.

Пластикликни баъзи жисмларда эътиборга олмаслик мумкин, бундай жисмлар мутлақ эластик (қайишқоқ) жисмлар ҳисобланади. Ҳар бир жисмнинг хоссалари пластиклик бўйича гуруҳларга ажратиб ўрганилади. Масалан, кристаллар, поликристаллар, монокристаллар, аморф жисмлар пластиклиги ва бошқа Жисмларнинг қовушқокдиги ҳам уларнинг пластиклигини белгилайди. Туташ муҳитлар механикасида жисмлар бир жинсли, узлуксиз деб фараз қилинади, мас, кристалл панжара атомлари орасидаги масофа ҳисобга олинмайди. Пластиклик материалларнинг бузилмасдан катта қолдиқ деформация (пластик деформация) ҳрсил қилишидир. Материалларнинг пластикликлиги уларнинг чўзилгандаги узайишига қараб баҳоланади. Қаттиқ жисмлар пластиклигини ўрганиш амалий аҳамиятга эга. Деталларни тайёрлаш технологиясида, иншоотлар қуришда, металларни босим билан қайта ишлаш ва кесишда пластикликнинг асосий қонун-қоидаларига риоя қилинади[1].

Манбалар

  1. ↑ Хожиметов, Ғоибназар. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.