Википедияда исми Пўлат бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Исъҳоқ Ҳасан ўғли, Мулло Исъҳоқ Мулло Ҳасан ўғли („Пўлатхон“) – 1875—76-йилларда Қўқон хонлигида кўтарилган халқ қўзғолони раҳбари[1].

Пўлатхон
Мулло Исъҳоқ Мулло Ҳасан ўғли
Таваллуди 1844-йил
Вафоти 1876-йил
Марғилон

Ҳаёти

Унинг ҳақиқий исми Мулло Исъҳоқ Мулло Ҳасан ўғли. Бостон қабиласидан бўлган қирғиз. Тахминан 1844-йилда Ухна қишлоғида туғилган[2]. Қўқондаги „Тунқотар“ мадрасасида, кейинчалик Марғилондаги „Оқмадраса“ мадрасасида таҳсил олган, отаси мудорис бўлган. Исхоқ мадрасанинг қаттиқ тартиб-қоидаларига чидолмади ва отасининг қаршиликларига қарамай, 1867-йилда ўқишни ташлаб кетади[3].

Пўлатхон Андижонда имомлик қилган.

Пўлатхон қўзғалони

1872-йил Шер Додҳо бошлиқ бир гуруҳ қўқонликлар Самарқандда истиқомат қилаётган Пўлатхонни (Олимхонинг невараси) Қўқонга таклиф қилиб, уни хон қилиб кўтаришга ваъда қилишади. Лекин, Пўлатхон бу таклифни рад этади. Шундан сўнг қўқонликлар Тошкентга келиб, Абдулмўмин оталиқ билан учрашганлар. Уларнинг илтимосига кўра, Ишоқ Ҳасан „Пўлатхон“ номи билан қўзғолонга бошчилик қилишга рози бўлган ва Наманганга келиб қўзғолонга раҳбарлик қила бошлаган. Унинг томонига йирик бой ва ҳарбийлар, ҳатто Худоёрхоннинг ўғли ва бошқа қариндошлари ҳам ўтган. 1875-йил 22-июлда Худоёрхон Тошкентга қочишга мажбур бўлади. Хон тахтига Пўлатхон ва Худоёрхоннинг катта ўғли Насриддинбеклар асосий даъвогарлар эди. 1873-йилда қирғизлар Пўлатхонни Қўқон хони деб эълон қилган эдилар. Аммо, Худоёрхон Тошкентга қочгандан кейин Абдураҳмон офтобачи Насриддинбекни хон деб эълон қилиб тахтга ўтқизган. Шу сабабли Пўлатхон Абдураҳмон офтобачи ва Насриддинхонларга қарши курашни бошлаб юборади. Оқибатда, Қўқон хонлигида икки ҳокимиятчилик пайдо бўлади. Бунинг олдини олиб, кучларни бирлаштириш мақсадида Абдураҳмон офтобачи 1875-йил 7-августда Чор Россияси мустамлакачиларига қарши ғазавот эълон қилади ва халқ озодлик ҳаракатини бошлаб юборади. Пўлатхон бу ҳаракатни қўллаб қувватлайди, аммо қўшинини жангга олиб кирмайди. 1875-йил 23-августда Махрам қалъаси остонасида руслар билан Абдураҳмон офтобачининг қўшини ўртасида қаттиқ жанг бўлади. Қўқонликлар мағлубиятга уч-райди. К. П. Кауфман қўзғолончиларни бирин-кетин тор-мор этиб, Қўқон, Марғилон ва Ўш шаҳарларини жангсиз босиб олган. 1875-йил 22-сентябрда Кауфман Марғилон шаҳрига Насриддинхонни таклиф қилиб, аҳоли учун жуда оғир бўлган шартномага имзо чектиради. Натижада, аҳоли Насриддинхонга қарши қўзғолон кўтаради. Насриддинхон Тошкентга қочишга мажбур бўлади. Пўлатхон расман Қўқон хони деб эълон қилинади. Абдураҳмон офтобачи ҳам уни тан олади, Пўлатхон билан ярашиб ҳарбий кучларини бирлаштиради. Рус аскарлари билан бўлган жангларда кучлар тенг бўлмагани натижасида Пўлатхон мағлубиятга учрайди. 1876-йил 1-мартда Марғилон шаҳрида дорга осиб ўлдирилади[1][4].

Хотира

Чотқолдаги Пўлатхон тоғ платоси[ру] унинг номи билан аталган[2]. Ҳозир қабри Фарғона вилояти Қўштепа тумани Пўлатхон қабристонида.

Манбалар