Подшоҳ ойим (Ойпошшоҳ ойим, Ойпошша биби) — аштархонийлар ўзбек сулоласи маликаси. Бухоро хонлиги ҳукмдори Надр Муҳаммадхоннинг (1642—1645) хотини. Бухоро хонлигининг ҳукмдорлари — Абдулазизхон ва Субҳонқулихонларнинг онаси ҳамда Манғитлар ўзбек сулоласи вакилларининг амир Ҳайдардан (1800—1826) бошлаб барча Бухоро амирлиги ҳукмдорларининг бибикалонидир. Жўйбори калон мадрасасининг донатори. "Ойпошшоҳ ойим", "Ойпошша биби" номлари билан ҳам машҳур бўлган.

Подшоҳ ойим
(Ойпошшоҳ ойим, Ойпошша биби, Ойша биби)
Подшоҳ ойим
Бухоро хонлиги маликаси
Ҳукмдор Надр Муҳаммадхон (1642—1645)
Абдулазизхон (1645—1681)
Шахсий маълумотлари
Таваллуди тахминан 1607-йил
Бухоро, Бухоро хонлиги
Вафоти 1675/76-йил
Бухоро, Бухоро хонлиги
Фуқаролиги Бухоро хонлиги
Турмуш ўртоғи Надр Муҳаммадхон
Болалари Абдулазизхон
Субҳонқулихон
Онаси Бибижон хоним
Отаси Абдураҳимхожа

Малика тарихий манбаларда „Замон Хадичаси“, „Даврон Фотимаси“ номлари билан ҳам улуғланган.

Келиб чиқиши

Подшоҳ ойим тахминан 1607-йилларда Бухорода туғилган. Ота томондан Жўйборийлар ва она тарафдан Аштархонийлар наслидан эди. Унинг отаси Абдураҳимхожа жўйборийлардан Хожа Калонхожанинг (Носириддинхожа Саъднинг) 2-ўғли, онаси Бибижон хоним эса, аштархоний Жонибекхоннинг қизи эди[1].

Ҳаёти

Подшоҳ ойим вояга етгач аштархонийлардан Надр Муҳаммадхонга турмушга чиқади. Улардан Абдулазизхон ва Субҳонқулихонлар дунёга келади[1]. Малика ниҳоятда маърифатли, тақволи аёл эди[2]. Унинг тарих олдидаги хизматлари ҳали етарли тадқиқ этилмаган[1].

Саййидлар авлодидан бўлган Шамсиябонунинг Дин Муҳаммадхонга ва Подшоҳ ойимнинг Надр Муҳаммадхонга турмушга чиқиши сабабдан муаррихлар Аштархонийлар ва Манғит ҳукмдорларини ҳам Чингизий, ҳам саййидлар наслидан деб қарашади[1].

Бунёдкорлик ишлари

Жўйбори калон мадрасаси — Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти

1671-йили Бухоро қалъасидан ташқарида, Жўйбор мавзесида Подшоҳ ойим маблағлари эвазига Жўйбори калон мадрасаси бунёд этилган. У Бухородаги энг нуфузли ва довруқли мадрасалардан ҳисобланиб, "Ойпошша ойим" мадрасаси деб ҳам номланган[1]. Советлар даврида мадраса фаолияти тўхтатилиб, ундан турли мақсадларда фойдаланилган[2]. Мадрасада 1992-йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўз фаолиятини олиб боряпти[3].

Ўлими ва номининг абадийлаштириш

Чор Бакр меъморий мажмуасидаги хазиралардан бирининг кўриниши

Подшоҳ ойим 1675/76-йилда оламдан ўтади. Қабри Чор Бакр меъморий мажмуасида сақланиб қолган. Тепасига қора мармартош қўйилган. Унинг қабри жойлашган зиёратгоҳ ҳозир Пошша ойим даҳмаси деб аталади. У "Подшоойим хазираси" номи остида давлат ҳимоясига олинган, Ўзбекистон моддий ва маданий меъросининг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритилган[4]. Бу ерда унинг яна бир қанча яқинлари дафн этилган[1].

Манбалар

Шарҳлар
Манбалар

Ҳаволалар

Андоза:Овозли Википедия

Адабиётлар

  • Асророва Л. Қ.. Бухоро мадрасалари тарихидан. Тошкент: Ҳилол-нашр, 2017 — 224-бет. ИСБН 978-9943-4818-6-2. 
  • Жуманазар А. К.. Бухоро таълим тизими тарихи. Тошкент: Академнашр, 2017 — 592-бет. ИСБН 978-9943-4728-2-2.