Polimiksinlar
Полимиксинлар споралар ҳосил қиладиган тупроқ бактерияларидан олинади. Кимёвий жиҳатдан полипептидазалардан иборат.
Таъсири
Асосан грамманфий микроорганизмларга — ичак таёқчаси, кўк йирингли таёқча, шигелла, салмонеллаларга, тиф, паратиф, бруцеллоз пайдо қилувчи микроорганизмларга қарши таъсир кўрсатади. Полимиксинлар микроорганизмламинг протоплазматик мембраналарини жароҳатлаб, бактерицид таъсир кўрсатади. Полимиксин ҳам бўлиниб турган, ҳам тинч ҳолатдаги микроорганизмларга қарши таъсир кўрсатади. Грамманфий микроорганизмлар полимиксинга нисбатан чидамли, чунки улар юзасида полимиксинламинг жойлашишига тўсиқинлик қилувчи магний рибонуклеат мавжуд. Полимиксинлар микроблар ҳужайрасидаги ситоплазматик мембрананинг асосий фаолияти — ферментатив фаолиятини фалажлайди. Полимиксин ҳужайралардан ташқарида жойлашган микроорганизмларга қарши таъсир кўрсатади.[1]
Қўлланилиши
Амалиётда полимиксин М ва полимиксин Б қўлланади. Полимиксин М сулфат оғиз орқали ва маҳаллий малҳам шаклида қўлланади. Нейротоксик ҳамда нефротоксик таъсири бўлгани учун полимиксин парентерал йўллар орқали юборилмайди. Модда оғиз орқали юборилганда меъда-ичакдан деярли сўрилмайди, шу ердаги микроорганизмларга бевосита қарши таъсир кўрсатади. Янги туғилган ва ҳаётининг биринчи ойларидаги чақалоқларда полимиксин меъда-ичакдан қонга сўрилиши мумкин. Полимиксин граммусбат микроорганизмлар чақирадиган меъда-ичак касалликларида — колит, энтероколит, гастроэнтероколитларда, ўткир ва сурункали дизентерияда, бошқа антибиотиклар таъсир этмаганда, грамманфий микроорганизмлар туфайли келиб чиққан яралар, куйган жойга инфексия тушганда ҳам қўлланади. Энтерал ва маҳаллий қўлланганда салбий таъсирлар кам кузатилади, таъсирловчи хусусияти бўлгани учун диспептик ҳолат пайдо бўлиши мумкин. Полимиксинни буйрак касалликларида қўллаш ман этилади.[1]
Полимиксин М сулфат
Полимиксин М сулфат таъсирида грамманфий бактериялар сезгир бўлиб айрим бактерияларнинг турғунлиги астра-секин намоён бўлади. препарат маҳаллий ва энтерал усул билан танага юбориш бўйича буюрилади. Парентерал усулда қўллаш жуда кучли нейро ва нефротоксик таъсир кўрсатиши мумкин, шу сабабли энтерал усулда ичак касалликларида, жарроҳлик амалиёти олдидан қўлланади.[2]
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 Азизова. Полимиксинлар, 2, Тошкент: Янги аср авлоди, 2006 — 452-бет. ИСБН 978-9943-08-025-6.
- ↑ Одилов. Полимиксинлар. Тошкент: Илм зиё, 2007-йил — 256-258-бет. ИСБН 978-9943-303-56-0.