Помир халқлари, Помир тожиклари (ўзларини помири деб аташади) — Тожикистон Республикаси таркибидаги Ғарбий Помирнинг баланд тоғ водийсидаги Тоғли Бадахшон вилоятида яшайдиган кичик халқлар [ёзғуломлар (ўз номи — згамик), рўшонлар (ўз номи — рихен, рухни) маҳаллий гуруҳ хуфлар (ўз номи — ху-фиж) билан бирга, бартанглар (ўз номи — бартанж) маҳаллий гуруҳ арошорлар билан бирга, шуғнонлар (ўз номи — хугни, хунуни) маҳаллий аҳоли бажўйлар билан бирга, ишкошимлар (ўз номи— ишкашуми, ишкашими) воҳонлар (ўз номи — ҳик, вахи) ва ванжлар] гуруҳи. Шунингдек, Помир халқлари Афғонистон Бадахшони (рўшонлар, шуғнонлар, ишкашимлар, воҳонлар, зебаклар, мунжонлар)да, Покистоннинг Читрол мавзеси (мунжонлар, йидгалар)да ва Хунза дарёси водийси (воҳонлар)да, Хитойнинг Синсзян — Уйғур вилоятида (шуғнонлар ва воҳонларга қариндош сарикўллар) яшайдилар. Помир халқлари катта европеоид ирқига мансуб бўлиб, ҳинд-европа тиллар оиласининг шарқий Эрон тили кичик гуруҳига кирувчи тил ва лаҳжаларда сўзлашадилар. Диндорлари, асосан, ислом динининг шиа, қисман эса сунна мазҳабларига эътиқод қиладилар. Помир халқлари яшаган ҳудудларда қадим замонларда Рўшон, Шуғнон, Воҳон давлатлари мавжуд бўлган. Асрлар мобайнида бу ҳудудлар чет эл босқинчилари тасарруфига ҳам кирган. ВИИ асрнинг охирида Помир ерлари икки асрдан кўпроқ тибетликлар қўл остида бўлган. Х асрдан бошлаб Помир давлати мустақилликка эришган, кейинчалик эса алоҳида подшоҳликларга бўлиниб кетган. Қарийб 30 йил мобайнида Афғонистон Бадахшонига бўйсунган. 1878-йилда Бухоро хонлиги, сўнгра эса чор Россияси тобелигига ўтган.

1925-йил 2-январда Тожикистон мухтор Республикаси таркибида Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти ташкил этилган. ХХ асрнинг 30—90-йиллари ва ХХИ асрнинг бошлари давомида жамиятда содир бўлган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар натижасида Помир халқлари этномаданий жиҳатдан аста-секинлик билан тожикларга ўзаро яқинлашиб ва тобора сингишиб бормоқда. Помир халқларининг асосий анъанавий машғулоти чорвачилик, ҳунармандчилик ва қисман деҳқончиликдан иборат[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил