Понсод, понсад, понсадбоши (форсча понсад — беш юз) — Ўзбек хонликларида қўлланган ҳарбий унвон. Баъзан „дастабоши“ („отряд бошлиғи“) деб ҳам юритилган. Понсод 500 кишидан иборат ҳарбий қисмга бошчилик қилган. Понсод, одатда, хон ёки бек томонидан тайинланиб, баъзи солиқлардан (масалан, ўзига тегишли мулкдан олинадиган) қисман ёки бутунлай озод қилинган ҳамда унга ҳар йили икки марта маълум миқдорда ғалла, пул ва сарполар берилган. Қўқон хонлигидаги ҳарбий унвонлар орасида понсадбоши мингбошидан кейинги юқори унвон саналган. Туркистонда совет режимига қарши кураш олиб борган гуруҳларнинг раҳбарлари ҳам Понсод дейилган. (масалан, Тўхтасин Понсод). [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил