Зиёсферада исми Порсо ва фамилияси Шамсиев бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.


Порсо Шамсиев (1897.10.2, Бухоро — 1972.21.3, Тошкент) — навоийшунос ва матншунос олим. Филология фанлари доктори (1970), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1972). Бухоро мадрасаларида таҳсил кўрган. 30й.ларга қадар Мадраса, мактаб ва маориф йўналишидаги муассасаларда хизмат қилган. Ўзбекистон Давлат нашриёти (1931 — 36) ва Ўқувпедагогика нашриёти (1936—40) да муҳаррир, Ўзбекистон Фанлар академияси нашриётида муҳаррир (1941—45), Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим (1945—72). "Адабиётдан иш китоби", "Адабиёт дарслиги", "Ўзбек тили дарслиги", "Ўқиш китоби" (1 ва 2 китоблар) муаллифи. Навоийнинг "Муҳокамат ул-луғатайн", "Мажолис ун-нафоис", "Маҳбуб ул-қулуб" ва бошқа асарларининг илмий-танқидий матнини нашрга тайёрлаган ҳамда шоир асарларининг 15 жилдлигини нашр этишда фаол қатнашган. "Хамса"нинг илмий-танқидий матнини яратиб, мазкур матн юзасидан амалга оширилган текстологик тадқиқотларини докторлик диссертацияси сифатида ҳимоя этган. Ш., бундан ташқари, Хондамирнинг "Макорим ул-ахлоқ" асарини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган, Бобурнинг "Бобурнома" (С.Мирзаев билан ҳамкорликда) асарининг илмий нашрини яратган, 5 китобдан иборат "Ўзбек адабиёти" мажмуасини тузиш, таҳрир этиш ва изохлар ёзишда иштирок этган. Ш. Британия музейида сақланаётган ва Абдужамилга нисбат берилган "Туҳфат ул-салотин" асари микрофилмини ўрганиб, унинг Навоий ғазалларидан олинган ва Абдужамил хаттот томонидан кўчирилган шоҳбайтлар эканини ва мавзу бўйича 45 фаслга бўлинганини аниқлаган. Ш. Ғафур Ғуломнинг 4 жилдли "Танланган асарлар"и ва 2 жилдли "Адабий-танқидий мақолалар"ини ҳам нашрга тайёрлаган. Ш. шунингдек, С.Иброҳимов билан ҳамкорликда "Ўзбек классик адабиёти луғати" (1953) ва "Навоий асарларининг луғати" (1972)ни тузган.

Порсо Шамсиев

Тошкент кўчаларидан бирига Ш. номи берилган.

Манбалар

  • Ўзбек матншунослигига оид тадқиқотлар, Т., 1986.