Пошшохожа, Хожа (тахаллуслари; асл исми Ибодулло Саййид Пошшохўжа бинни Абдулваҳҳобхўжа[1]; 1480-йил, Нисо – 1547-йил, Бухоро) – шоир, давлат арбоби ва йирик уламо[2]. Отаси – Абдулваҳҳобхўжа Сулаймонхожа ўғли ўз даврининг йирик тасаввуф шайхи ва шоири бўлган.

Пошшохожа
Таваллуди
Ибодулло Саййид Пошшохўжа бинни Абдулваҳҳобхўжа

1480-йил
Вафоти 1547-йил
Бухоро
Касби Шоир, давлат арбоби, уламо.

Ҳаёти

Пошшохожа 1480-йилда туғилган. Нисо ва Марв мадрасаларида таҳсил олган. Муҳаммад Шайбонийхон қозоқ хонлари устига қилинган ҳарбий юришдан қайтаётганда Нисода тўхтаб, Пошшохожани Дурун вилоятига ҳоким қилиб тайинлайди (1508-йил апрел). 1510-йил Пошшохожа Нисонинг янги ҳокими Муҳаммад Солиҳ билан биргаликда Марв жангига етиб келган. Шайбонийхон ўлимидан сўнг дастлаб Самарқанд, сўнгра Бухорога келиб яшаган. Шайбонийлардан Муҳаммад Темур Султон ва Кўчкунчихон хизматларида бўлиб (1511–1514-йиллар), Кармана ҳокими Жонибек Султон ҳукуматида жумлат ул-мулк, садрлик лавозимларида ишлаган (1515–1516-йиллар). Бухоро хони Убайдуллахон Ҳиротни фатҳ этгач (1529-йил 21-октабр), у садрликдан шайх ул-исломлик даражасига кўтарилган. Кейинчалик Балх ҳокими Кистан Каро Султон (1544-йилв.э.) ҳузурида садрлик ва шайх ул-ислом вазифасида фаолият кўрсатган (1534–1543-йиллик). Пошшохожа 1543-йилда ўз вазифасидан воз кечиб, Бухорога қайтади ва бадиий ижод билан шуғулланади.

Ижоди

Пошшохожа наср ва назмда адабий асарлар яратган. Муҳаммад „Хожа“ тахаллуси билан ижод қилган. У Шайбонийхоннинг ўғли Темур Султонга атаб „Мифтоҳ ул-адл“ („Адолат калити“, 1508—10), Кистан Қаро Султонга бағишлаб „Гулзор“ (1538) каби асарлар ёзган. Бу асарларда ахлоқий-дидактик хусусиятга эга бўлган фиқоларни шарҳлаш учун машҳур подшоҳлар ҳақидаги турли ҳикоят ва масаллар келтирилган. Уларда давлатни бошқариш, раият билан муносабат масалалари, инсофли ва адолатли подшоҳ образи тасвирланган.

Пошшохожа рубоий, ғазал, қит'а жанрларида ҳам ижод қилган. Жонибек Султонга атаб „Мақсад ул-атвор“ (1516—20) достонини ёзган. Ўзбек ва форс тилларида тартиб берган девони бизгача етиб келмаган. Пошшохожанинг ўғли Ҳасанхожа Нисорийнинг „Музаккири аҳбоб“ („Дўстлар ёдномаси“) тазкирасида ёзилишича, Пошшохожанинг туркий ғазалларига Бобур юқори баҳо берган.

Пошшохожа Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси ёнида дафн этилган. Унинг „Гулзор“ ва „Мифтоҳ ул-адл“ асарлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти ва Санкт-Петербург Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади. Асарлари ўзбек тилида нашр қилинган.

Адабиётлар

  • Ҳасанхожа Нисорий, Музаккири аҳбоб, Т., 1983.
  • Мифтоҳ ул-адл ва Гулзордан, Т., 1962.

Манбалар

  1. ↑ Ҳамиджон Хомидий; Маҳмуд Ҳасаний. Машриқзамин ҳикмат бўстони. Тошкент: „Шарқ“ нашриётматбаа консерни, 1997-йил — 251-бет. ИСБН 978-9943-00-130-5. 
  2. ↑ Аҳмад Муҳаммад. Шарқ ҳақни топди..., (Шарқ донишмандлари ва алломаларининг сара ҳикматлари), Тошкент: „Шарқ“ нашриёти, 2006 — 124-бет. 

Ҳаволалар