Poyabzal
Поябзал — оёқ кийими. Оёқни иссиқ, совуқ, нам, лой, чанг ва шикастланишдан сақлайди. Ибтидоий одамларни табиат ноқулайликлари (иссиқ-совуқ, ёмғир-қор, чанг-тўзон, тиканак кириши, чағир тош ботиши, илончаён чақиши ва бошқалар) оёқларини бирон-бир нарса билан ҳимоя қилишга мажбур қилган. Улар қаерда (иссиқ ёки совуқ ўлкаларда, серёғин ёки қурғоқчил жойларда, пасттекисликлар ва тоғли жойларда) яшашларига қараб, яланг оёқ юришган, чипта кавуш, чориқ, ёғоч, кигиз, чарм ёки мўйна поябзал кийишган. Уларни тўқиш, йўниш ва тикиш усуллари аста-секин такомиллаштирилиб борилган. Масалан, илгари Ўрта Осиё халқлари, асосан, этик, махси, кавуш кийишган. Поябзал, асосан, қўлда тикилган. Кейинчалик (ХИХ аср ўрталаридан), ботинка, туфли, сандал, шиппак, пийма, калиш, спорт поябзаллари, тиббий, ҳарбий ва махсус иш поябзаллари кийиш расм бўлди. Эркаклар поябзали — мардона, аёллар поябзали заифона, болалар поябзали — бачкана деб аталган. Ҳозир поябзали тикишга оид деярли барча жараёнлар механизациялаштирилган, лекин қўлда тикиш усуллари ҳам сақланиб қолган.
Поябзал асосан, сатх (юза) ва таг-чармдан иборат. Сатх бўлаклари ипли чок билан бириктирилса, тановар (чарм, газлама, сунъий чарм заготовка) ҳосил бўлади. Тагчармга чарм, резина, пластмассачарм, ёғоч ишлатилади. Тагчарм бўлаклари пошна, патак, набойка ва бошқа шаклда қўдда (тиғ билан) ёки махсус прессларда кесилади. Сунъий чарм бўлаклари поябзал корхонасига тайёр ҳолда келтирилади.
Поябзал тикиш технологияси: материални бичиш, бўлакларни бириктиришга тайёрлаш.тановорни тикиш ва бириктириш, унга шакл бериш, тагчармни сатхга бириктириш ва тайёр поябзални пардозлаш, тановорни қолипга тортиш ва патак бириктириш (михлаб, елимлаб ва ипли чок билан) ишлари махсус машиналарда бажарилади. Тагчармни тановорга бириктиришнинг механик, рантли, сандал, ярим сандал, елимлаш ва бошқа усуллари бор. Поябзал мустаҳкамлиги ва ташқи кўриниши кўп жиҳатдан бириктириш сифатига боғлиқ. Тановорга тагчарм бириктирилгандан сўнг маҳкамлаш машинасида пошна қоқилади. Поябзалга зарур шакл бериш учун ишлатиладиган мослама (пресс) қолип деб аталади. Қолип, асосан, олд ва орқа қисмлардан иборат. Тановорни қолипга тортиш пайтида бу қисмларни бир-бирига яқинлаштириб ва бир-биридан узоқлаштириб, зарур ўлчамга келтириш мумкиш. Қолип ёғоч, металл ёки пластмассадан ясалади.
Тайёр поябзални пардозлаш ишлари ҳам, асосан, махсус машиналарда бажарилади. Айрим ишларгина қўлда қилинади. Умуман, поябзал тикишда 120 га яқин машина ва мосламалар қўлланади. Поябзал ўлчами (номери) патакнинг штихлар (1 штих — 2/3 кием), сантиметрлар ёки дюймларда ўлчанадиган узунлигини билдиради. Ўзбекистонда, асосан, сан-тиметрли система қўлланади. Поябзал ўлчамлари бўйича (сантиметрларда ўлчанганда) чақалоқларга (7 — 14), боғча ёшидагиларга (14,5—17,5), болаларга (18—25), аёлларга (22—28), эркакларга (25,5—31,5) мўлжалланган хилларга бўлинади. Ўзбекистонда Поябзал тикиш ҳунармандчиликнинг муҳим тури бўлиб, уни қўлда тикиш ҳозир ҳам кенг кўламда сақланиб қолган (қаранг Кўн-поябзал саноати).[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |