ПРАНДТЛ (Прандтл) Людвиг (1875.4.2, Фрайзинг, Бавария — 1953.15.8. Гёттинген) — механика соҳасидаги немис олими, амалий гидроаэромеханика илмий мактабининг асосчиси. Мюнхендаги Олий политехника билим юртини тамомлаган. Ганновердаги Олий техника билим юрти профессор (1901-йилдан), Гёттинген университети профессор (1904-йилдан). Гёттингендаги гидроаэродинамика институти директори (1925—47). Илмий ишлари эластиклик ва пластиклик назарияси, гидроаэромеханика, газ динамикаси ва динамик метеорологияга оид. Қанотнинг аэродинамик назариясини ривожлантирган, газ оқимида иссиқлик узатиш муаммоси масалаларини текширган, суюклик ва газларда содир бўладиган иссиқлик жараёнларига тааллуқли ўхшашлик мезонини топган (П. сони).

Манбалар

  • Гидроаэромеханика [рус. пер.], М., 1951.