Православлик (рус. чин эътиқод) — христианликнинг 1054-йилда бўлиниб кетиши натижасида шаклланган христианликнинг уч асосий йўналишидан биридир. Асосан Шарқий Европа, Яқин Шарқ, Болқон мамлакатларида кенг тарқалган православликка дунёда тахминан 215 миллион киши эътиқод қилади. Православликда католикликда бўлганидек ягона марказ ҳозир ҳам йўқ. Бугунги кунда дунёда 15 та автокефал (мустақил) ва 2 та автоном мақомга эга православ черковлари мавжуд. Улар умумчерков аҳамиятига молик масалаларни ҳал этишда бир-бирлари билан алоқада бўлиб турадилар. Православлик диний таълимоти „Муқаддас ёзув“ („Инжил“) ва „Муқаддас ривоятлар“га асосланган. Бу ақидаларни православ черковлари илоҳий характерга эга, абадий ва ўзгармас деб билади."Муқаддас учлик"- худонинг бир вақтнинг ўзида ҳам ягона, ҳам уч хил кўриниш (Ота-худо, Ўғил-худо-Исо ва Муқаддас Руҳ)да намоён бўлади, деб ишониш, инсонни туғма гуноҳкор деб билиш, Исонинг инсон қиёфасига кириб, ўз умматларини гуноҳдан халос этиш учун ўзини қурбон қилганини тан олиш, охиратга ва унда қайта тирилишга эътиқод қилиш, черковнинг худо ва одамлар ўртасидаги воситачи эканига ишониш православлик диний таълимотининг асосини ташкил этади. Православликда диакон, епископ, митрополит, патриарх каби диний рутбалар мавжуд. Христианликнинг 7 сирли маросими православликнинг ҳам асосини ташкил этади. Фақат уларнинг бажарилишида католиклар билан православлар орасида баъзи фарқлар бор. Православликда: — янги туғилган бола чўқинтирилаётганда сувга ботириб олинади; — муқаддас мой суртиш чўқинтиришдан сўнг кетма-кет маҳаллий руҳоний томонидан бажарилади; — оддий инсонлар ва руҳонийлар бир хил — квасли нон ва вино билан тотинадилар; — никоҳ маросими черковда, руҳоний томонидан амалга оширилади. Эр-хотин фақатгина хиёнат сабабли ажрашишлари мумкин. Никоҳни фақат черков бекор қила олади; — христианликнинг бошқа конфессияларидан фарқли равишда „қора“ ва „оқ“ руҳонийлар фарқланади. Жумладан, „қора“ руҳонийларда „целибат“, яъни уйланмаслик амалиёти мавжуд; — тавба маросимида католикликдан фарқли равишда тавба қилувчи ва руҳоний юзма-юз ўтиришади.

Қолган маросимларда сезиларли фарқ кузатилмайди.

Православликда ибодат асосан маҳаллий тилда олиб борилади. Рождество, Пасха каби умумхристиан байрамлари православликнинг ҳам асосий маросимлари ҳисобланади.

Черковлар бўлинганидан сўнг католиклар томонидан қабул қилинган ақидаларни православлар хато, „Муқаддас ёзув“ ва „Муқаддас ривоятлар“га зид, деб ҳисоблайдилар. Шунингдек, черковлар бўлинишидан сўнг католиклар томонидан қабул қилинган байрамларни ҳам православлар нишонламайдилар.

Рус православ черкови — Москва патриархияси дунёдаги энг катта мустақил (автокефал) православ черковидир. Тошкентда Рус православ черковининг Тошкент ва Ўрта Осиё епархияси мавжуд бўлиб, у Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон православларининг маркази ҳисобланади.

Православлар асосан қуйидаги байрамларни нишонлайдилар:

1. Исо туғилган кун (Рождество Христово — дунё православларида 25-декабр, Рус православ черковида 7-январ);

2. Исонинг хатна қилиниши (Обрезание Господне — 14-январ);

3. Исонинг чўқинтирилиши (Крешение Господне. Богоявление — 19-январ);

4. „Қадимги Ахд“ ва „Янги Ахд“лар бирлашган кун (Сретение Господне — 15-феврал);

5. Илоҳий хушхабар (7-апрел);

6. Исонинг Қуддусга кириши (Вход Господен в Иерусалим — 24-апрел);

7. Пасха (Пасха Господня. Светлое Христово Воскресене- 1-май);

8. Исонинг осмонга кўтарилиб кетиши (Вознесение Господне — 9-июн);

9. Муқаддас учлик ёки Пятидесятниса байрами (Ден Святой Троисн или Пятидесятниса — 19-июн);

10. Яҳё пайғамбарнинг туғилган куни (Рождество Иоанна Предтечи — 7-июл);

11. Ҳаворийлар Петр ва Павеллар куни (Святмх первоверховних апостолов Петра и Павла — 12-июл);

12. Исо Масиҳнинг Ермон тоғида нурланиши байрами (Преображение Господне — 19-августа);

13. Биби Марямнинг вафоти (Успение Пресвятой Богородисм — 28-август);

14. Яҳё пайгамбар қатл этилган кун (Усекновение главн Иоанна Предтечи — 11-сентябр);

15. Биби Марямнинг туғилган куни (Рождество Пресвятой Богородисм — 21-сентябр);

16. Исо михланган хочни тиклаш байрами (Воздвижение Креста Господня — 27-сентябр);

17. Биби Марямнинг 910 йилда Константинопол шаҳри қамали пайтида мўжизавий пайдо бўлиши байрами (Покров Пресвятой Богородисм — 14-октябр)[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 319.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.