Психолингвистика — нутқнинг ҳосил бўлиши, шунингдек, нутқни идрок этиш ва шакллантириш жараёнларини уларнинг тил тизими билан ўзаро боғланиши ҳолатида ўрганувчи фан; психология ва лингвистиканинг синтезидан пайдо бўлган. Психолингвистика инсон нутқий фаолияти моделини ва психофизиологик нутқий шаклланишини ишлаб чиқиб, уларни психологик экспериментлар йўли билан текширади. Тадқиқот манбаи бўйича тилшуносликка яқин бўлган психолингвистика ўз текшириш усуллари бўйича психологияга яқин туради. Унда ўзаро боғланишли эксперимент, „семантик дифференсиал“ каби ва бошқа экспериментал усуллар қўлланади. Психолингвистика бир қатор амалий масалалар [она тили, айниқса, хорижий тилни ўргатиш; мактабгача ёшдаги болаларнинг нутқий тарбияси ва логопедия масалалари; миядаги нутқий марказлар касалликлари клиникаси; нутқий таъсир кўрсатиш муаммолари (хусусан оммавий ахборот воситалари фаолиятида ва тарғибот ишларида); суд психологияси ва криминалистика (мас, кишиларни уларнинг нутқ хусусиятига қараб таниб олиш, аниқлаш); машина таржимаси ҳамда нутқий ахборотни ЭҲМга киритиш муаммолари ва бошқа]ни назарий жиҳатдан тушунтириш зарурати туфайли ўтган асрнинг 60-йилларида пайдо бўлган. „Психолингвистика“ термини ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталарида америкалик олимлар томонидан амалиётга киритилган. Ўзбекистонда ушбу соҳада бир қанча ишлар бажарилган бўлсада, ҳақиқий маънодаги психолингвистик тадқиқотлар эндигина бошланмоқда.

Абдуваҳоб Мадвалиев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил