Pyatidesyatniklar
Пятидесятниклар (ёки Тўлиқ инжил христианлари) - протестантликдаги энг йирик оқим бўлиб ХХ аср бошларида АҚСҲда юзага келган. Диний ҳаётда “Муқаддас Руҳ ин’омлари” деган тушунчага таянишади. Та’лимотга кўра бу ин’омлар фақатгина Муқаддас Руҳ билан чўқинтириш орқали Худо Ўғлининг (я’ни Исо Масиҳнинг) асл издошларига, унга хизмат қилиш воситаси сифатида берилади. Муқаддас Руҳ билан чўқинтирилганликнинг ташқи белгиси деб пятидесятниклар глоссалия, я’ни “худо билан нотаниш тилда гаплашиш”ни тушунишади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Пятидесятниклик тарихи расман 1901-йилнинг 1-январига бориб тақалади. Айнан шу куни Канзас штатининг Топеке шаҳридаги Библия мактабларининг бирида Ч.Пархем исмли руҳоний бошқараётган талабалардан бири Агнесса Озман “учинчи раҳмат”га эришиб (я’ни, Муқаддас Руҳ билан чўқинтирилиб), хитой тилида гапира бошлайди. Унинг кетидан “худо билан нотаниш тилда гаплашиш” “эпидемия”си бутун мактабни қамраб олади. Шундан сўнг Ч.Пархем ўз ўқувчилари билан жанубий штатларда пятидесятникликни тарғиб қила бошлаган.
Ч.Пархем шогирдларидан бири, қора танли Д.Сеймур Лос-Анжелесдаги методист черковининг ташландиқ биносида “муқаддас пятидесятниса” ғоясини тарғиб қила бошлаган. Уч йил давомида ушбу черков актив фаолият юритиб, АҚСҲдаги қора ва оқ танлиларнинг диққатини ўзига жалб қилди. Бу ерда Худо билан нотаниш тилда гаплашишни бошидан ўтказган кўпчилик кейинчалик ўзининг пятидесятниклик черковларига асос солишди. Бундай черковлар Скандинавия, Англия, Ҳиндистон, Чили, Германия каби давлатларда ҳам пайдо бўлди. Уларнинг бир-биридан асосий фарқи худонинг раҳматлари сони ва сув билан чўқинтиришнинг услубларидадир. Муқаддаслик черковларидан ажраб чиққан пятидесятниклар 3 та раҳматга ишонишади - динга киргизиш, нурлантириш я’ни, христиан та’лимоти билан чуқурроқ таништириш ва Муқаддас Руҳ билан чўқинтириш.
Баптистлардан ажралиб чиққан пятидесятниклар эса фақат 2 та раҳмат - динга киргизиш ва Муқаддас Руҳ билан чўқинтиришни тан олишади. Шунинг учун ҳам, уларни «Икки раҳмат черковлари» деб аташади. Уларнинг энг йирик бирлашмаси “Худо Ассамблеялари” ҳисобланади. Сув билан чўқинтириш усуллари, я’ни муқаддас учликни тан олишлари ёки инкор қилишига кўра, пятидесятниклар иккига бўлинади. Лекин бундай бўлиниш барча пятидесятник черковларига тааллуқли эмас. Айни пайтда, ба’зи черковлар христианлик чегарасидан чиққанини та’кидлаш зарур. 1960-йилларда “худо билан нотаниш тилда гаплашиш” тушунчаси ба’зи бошқа протестант черковлари, ҳатто 1966-йилдан католиклар орасида ҳам тарқалган. Ҳозирги кунда пятидесятниклик кўп сонли турли оқимлар кўринишида тарқалган бўлиб, уларнинг раҳбарлари ҳар 2-3 йилда «Бутундунё пятидесятник конференсиялари»да учрашиб туришади. Пятидесятниклик инсонларнинг қайғу-аламлари, муаммолари ва жамиятда ўз ўринларини йўқотиб қўйишлари билан боглиқ масалаларга алоҳида урғу бериши ва улардан усталик билан фойдаланишга интилиши туфайли унга эргашувчилар сони тез суратда ўсиб бормоқда. 1990-йилда дунё бўйича бу оқим а’золарининг сони 50 миллионни ташкил қилган бўлса, ҳозирда тахминан 120 миллионни ташкил қилмоқда[1].
Манбалар
- ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 323.
Адабиётлар
- Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.