Қаъда (араб. — ўтириш) — киши вафотидан кейин "йигирма" ёки "қирқ" маросимини марҳумнинг яқин қариндошларидан бири ўз уйида ўтказадиган маросим. Марҳумнинг оила аъзоларига оғирлик тушмаслиги ҳамда марҳумга бўлган ҳурмат юзасидан бирор киши (опасингил, акаукалар, бўлак яшайдиган фарзандлар) навбатдаги маросимни "қаъда қилиб олиб кетади", яъни ўз уйида ўтказади. Марҳум руҳига бағишлаб дастурхон ёзади. Қ.да марҳум хотирасини ёдга олмоқчи бўлган кишилар марҳум хонадонига эмас, Қ. ўтказаётган киши уйига борадилар. Маросимга имом, домла ёки отин ойи таклиф қилиниб, марҳум руҳига Қуръон тиловат қилинади. Кейинги пайтларда яқин қариндошлардан бири маросимнинг бутун харажатларини қоплаган ҳолда Қ.ни марҳумнинг уйида ўтказиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Қ. маросими ислом динида мавжуд эмас.