Қаландарий — Шашмақомда Дугоҳ мақомининг Мўғулча шўъбаси шохобчаларидан; Мўғулчаи Дугоҳ Талқинчасининг маълум варианти, чапандоз доира усулида ижро этилади. Унинг таркибида даромад, миёнхат, Мухайяри Чоргоҳ намуди ва туширим қисмлари мавжуд. Уфар доира усулидаги қисқа варианти Фарғона водийсида хотин-қизлар томонидан севиб куйланади. Қаландарийнинг турли вариантлари бор: „Қ1“, „Қ2“ ва бошқалар уларнинг куй-оҳангларидан бастакор ва композиторлар ижодида кенг фойдаланилган. Муқимийнинг „Сояйи“, Корийнинг „Ажаб бир нозанин“ сўзлари билан бошланадиган ғазаллари қаландарий йўлларида айтилади. Т.Жалилов „Тоҳир ва Зуҳра“ мусиқали драма ва операсида Қаландарий чапандозидан ария сифатида фойдаланган. Ю. Ражабий „Қ1“ авжига Зебо пари авжини киритиб, ашула мазмунини янада теранлашишига эришган. Қаландарий йўллари чолғу куйлар сифатида ҳам машҳур.