Зиёсферада исми Қамара ва фамилияси Бурнашева бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Қамара Бурнашева (1920-йил 8-март Андижон — 2000-йил 31-май) — актриса, қўшиқчи. Ўзбекистон ССР халқ артисти (1960).

Қамара Бурнашева
Таваллуди 8-март 1920-йил
Вафоти 31-май 2000-йил(2000-05-31)
(80 ёшда)
Тошкент
Касби Қўшиқчи, актриса
Унвони O‘zbekiston SSR xalq artisti

Биографияси

Қамара Бурнашева 1920-йили 8-март куни Андижон шаҳрида зиёли оилада дунёга келган. Отаси Валижон Бурнашев ҳамда онаси Азиза Бурнашева Андижонда ўқитувчилик билан шуғулланган. Қамара Бурнашева оилада уч қиз фарзанднинг кенжаси бўлган[1].

Қамара Бурнашева мактабда ўқиб юрган даврда „Кўк кўйлаклилар“ драма тўгарагига қатнаган. 7-синф ўқувчиси Бурнашева тўгаракдаги бўлиб ўтган саҳна кўринишида қатнашган ва унинг ижроси Тўхтасин Жалилов эътиборини тортган[1]. Қамара Бурнашева 1934-йили 14 ёшида Й. Охунбобоев номидаги Андижон мусиқали драма ва комедия театрига ишга қабул қилинган (1943-йил Самарқанд театрида актрисалик билан шуғулланган) ва у ерда 1991-йилгача фаолият кўрсатган. Театр саҳнасида икки юзга яқин ролларни ижро этган[2].

Қамара Бурнашева „Бой ила хизматчи“ спектаклида Гулбаҳор, „Холисхон“да Тожихон, „Ромео ва Жулетта“ спектаклида Жулетта, „Шоҳи сўзана“да Ҳафиза, „Момақалдироқ“ спектаклида Катерина, „Фарҳод ва Ширин“ асарида Ширин, „Лайли ва Мажнун“ асарида Лайли, „Нурхон“да Нурхон, „Келинлар қўзғолони“ спектаклида Фармонбиби, „Нодира“да Нодира, „Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам“ спектаклида Шоҳсанам, „Кампирга совчи келди“да Ойша хола, „Санам“да Санам ва бошқа образларни яратган[2]. Актриса „Лайли ва Мажнун“ асаридаги Лайли образини 1001 марта ижро қилган[1].

Қамара Бурнашева қўшиқчи сифатида ҳам ижод қилган. Унинг ижросида „Токай“, „Фирғониким“, „Мубтало бўлдим сенга“ сингари 10 дан зиёд қўшиқлар мавжуд ва улар Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг „Олтин фонд“дида сақланади[1].

Қамара Бурнашевага Аббос Бакиров, Хадича Аминова, Ваҳоб Азимовлар устозлик қилган[1].

Азиза Аминова, Маърифат Убайдуллаева, Назирахон Ҳакимова, Қимматхон Турғунова, Ширинхон Мансурова, Мавлуда Бойматова, Шарофат Тошибоева Қамара Бурнашеванинг шогирдлари бўлган[1].

Қамара Бурнашева серқирра актриса бўлиб, ўткир ҳажвий, лирик ва мураккаб психологик роллар устаси сифатида танилган[2].

Шахсий ҳаёти

Қамара Бурнашева Аббос Бакиров билан турмуш қурган. Улар тўрт нафар фарзанга — икки қиз, икки ўгилга ота-оналик қилган. Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакирова уларнинг фарзандидир[1].

Вафоти

Қамара Бурнашева 2000-йил 31-май санасида 80 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этган[2].

Мукофотлари

Қамара Бурнашева 1960-йили „Ўзбекистон ССР халқ артисти“, 1998-йили „Эл-юрт ҳурмати“ ордени билан тақдирланган[2].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 1,5 1,6 Маҳмудов, Авазбек. Андижон сан'ати фидоийлари, То'лдирилган 2-нашр, Академнашр, 2018 — 226-бет. ИСБН 978-9943-5226-4-0. Қаралди: 15-июн 2023-йил. 
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 2,4 ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил