Зиёсферада исми Қамара ва фамилияси Камолова бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Қамара Шодмоновна Камолова (1938-йил, 12-сентябр, Бухоро) – режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1982). Фаолиятини 1964-йил Тошкент телестудиясида бошлаган. 1965-йилдан „Ўзбекфилм“ киностудиясида кинорежиссёр. „Ғаройиб саргузашт“, „Раҳим ва қўнғиз“, „Булутни ким ясади“, „Қиз-бола ва юлдузча“, „Велосипедча қочиб кетди“ каби мултфилмларни ишлаган. Энг яхши бадиий филмлари: „Аччиқ данак“, „Ўзганинг бахти“, „Эртага чиқасанми?“, „Набирамиз милицияда ишлайди“, „Бўлмаган нарса ҳақида“, „Ёввойи“, „Атроф қор билан қопланди“ ва б. 1993-йил „Шод“ студиясини ташкил қилиб, унга раҳбарлик қилиб келади. „Аччиқ данак“ филми Қоҳира кинофестивали (1978)нинг „Кумуш Нефертити“ соврини, Франсиянинг Страсбург ш.да ўтказилган кинофестивал (1979) соврини билан тақдирланган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил