Қамариддин Усмонов – таниқли ўзбек олими, тарих фанлари доктори, профессор[1]. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси. Ўзбекистон Республикасида умумтаълим мактабларининг 5-синф ўқувчилари учун мўлжалланган „Тарихдан ҳикоялар“, еттинчи ва саккизинчи синф ўқувчилари учун мўлжалланган „Ўзбекистон тарихи“ фан дарсликлари муаллифи. Шунингдек, олий таълим муассасалари ҳамда академик лицей талабалари учун ҳам бир неча қўлланмаларни яратган[2][3].

Қамариддин Усмонов
Таваллуди 1935-йил
Самарқанд вилояти, ЎзССР, СССР
Фуқаролиги SSSR bayrogʻi СССР→Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Миллати ўзбек
Машҳур ишлари тарих фан дарсликлари

Ҳаёти

Қамариддин Усмонов 1935-йили Ўзбекистон ССР таркибидаги Самарқанд вилояти Фориш тумани(ҳозирги Жиззах вилояти ҳудуди)да туғилган. Ўрта таълимни тумандаги мактаблардан бирида олгач, 1952-йили Жиззах давлат педагогика университетига ўқишга қабул қилинади ҳамда 1956-йилда муваффақиятли тамомлайди. 1956-йилдан 1961-йилгача эса, Самарқанд давлат университетининг тарих факултетида ўқиди. 1964-йил Тошкент халқ хўжалиги институтига тарих кафедрасига аспирантура таълим босқичида таҳсил олиш учун қабул қилинди.

Фаолияти

1967-йили „Инжинер-техник ва иқтидорли кадрларни тайёрлаш, жой-жойига қўйиш ва тарбиялаш (1961-1985-йиллар)“ мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Бир неча йиллар давомида, Тошкент халқ хўжалиги институтида турли лавозимларда, жумладан, ассистент, катта ўқитувчи, доцент ҳамда кафедра мудири сифатида фаолият олиб борган. 1990-йили „Ўзбекистонда зиёли кадрларни шакллантиришга партиявий раҳбарлик (1961-1985-йиллар)“ мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаган. Олимга 1991-йили профессор илмий унвони тақдим этилган. Илмий раҳбарлигида 3 та фан доктори ва 3 та фан номзодлари илмий ишларини муваффақиятли равишда ҳимоя қилган. Қамариддин Усмонов Ўзбекистонда таҳсил оладиган талаба ва ўқувчилар учун нашр этилган фан дарсликлари муаллифи ҳисобланади. Жумладан, 2006-йил олий таълим муассасаларининг „Иқтисод-молия“ йўналиши талабалари учун ишлаб чиқилган „Ўзбекистон тарихи“ дарслиги, коллеж ҳамда академик лицейларда таҳсил олувчи ўқувчилар учун 2002-йилдан 2010-йилгача 4 маротаба нашр этилган Ўзбекистоннинг 1917-йилдан 1991-йилгача даврларини қамраб олувчи „Ўзбекистон тарихи“ дарслиги, 7-8-синф ўқувчилари учун мўлжалланган „Ўзбекистон тарихи“ ҳамда 5-синф ўқувчилари учун чоп этилган „Тарихдан ҳикоялар“ фан дарсликлари.

Мукофотлари

Қамариддин Усмоновнинг узоқ йиллик илмий изланишлари ва фаолияти ҳукумат томонидан эътироф этилган. „Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси“ фахрий унвони билан мукофотланган.

Манбалар