Қашқадарё театри ёки Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов номидаги Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри — Ўзбекистондаги дастлабки профессионал театрлардан бири.

Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри
Қисқартма ҚВМДТ
Тури мусиқали драма театр
Ишга тушган санаси 1932-йил 2-август
Асосчи(лар)и А. Шоибзода
А. Қодиров

Тарихи

Ташкил этилиши ва Собиқ Иттифоқ йилларидаги фаолият

Қарши ва Шаҳрисабз ҳаваскорлик жамоалари асосида Қарши туман маориф мудири А.Шоибзода ва созанда А. Қодиров томонидан 1932-йил 2-августда ташкил топган. 1936-йил давлат театри мақоми, 1943-йилда атоқли хонанда Тўйчи Ҳофиз Тошмуҳамедов номи берилган. Дастлаб труппада Н. ва Ж. Сатторовлар, С. Ҳусанов, Н.Остонов, С.Рўзиева, М.Вафоева, М. ва Ж.Жалиловлар, Т.Мелникова (Лола) ва бошқалар ишлаган. У. Раҳимов билан А.Болтаев реж.лик қилган. Театрнинг шаклланишида "Тормор" (К. Яшин), "Фарҳод ва Ширин" (Хуршид; Ш.Шоумаров, Тўйчи ҳофиз, Ю.Ражабий мусиқаси), "Ғунчалар" (3. Фатхуллин), "Нурхон" (К.Яшин; Т.Жалилов) спектакллари муҳим рол ўйнади. 50-йиллар ўрталарида режиссёр Д.Заикин, актёрлар А.Тўлаев, СПўлатов, Н.Холматовлар билан мустаҳкамланди, мумтоз драматургияга, миллий мавзудаги йирик асарларга мурожаат этишга имкон яратилди. "Уйланиш" (Н.Гогол), "Отелло" (У.Шекспир), "Алишер Навоий" (Уйғун, И.Султон), "Ҳуррият" (Уйғун), "Оғриқ тишлар" (А.Қаҳҳор) каби спектакллар бунга мисолдир. 60-йилларда А.Отақулов, Х.Мустафоқулов, А.Тўлаев, Қ.Ҳакимовлар бош режиссёр бўлиб ишлаган. 1966-йил Фарғона вилоятида, 1967-йил Тошкентда гастролда бўлган.

70-йиллар бош режиссёр — Қ.Йўлдошев, бош дирижёр — Ф.Комилжонов, Ўзбекистон халқ артисти М.Носирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Х.Мустафоқулов, Ё. Ражабов, М.Маматов, Ж.Ашуров, Г.Муродов, М.Файзуллаева, Х.Ибрбҳимова, АТўлаевларнинг ижодий фаолияти туфайли Қашқадарё театри вилоят театрлари орасида нуфузли ўринлардан бирини эгаллади. "Ўжарлар" (Ж.Жабборов; Ик.Акбаров), "Она" (Уйғун), "Эзоп" (Фигейреду), "Хасис баҳодир" (А.Пушкин), "Майна Ҳасанова" (Адҳам Раҳмат) каби турли жанрлардаги эътиборли спектакллар яратилди.

80-йиллар Қашқадарё театри ҳаётида мураккаб давр бўлди. Шу давр бошида (1981) театр репертуаридан "Гавҳари шамчироқ" (С. Улуғзода; А.Муҳамедов), "Ғариблар" (А.Делмар), "Ҳийлаи шаръий" (Гунтекин), "Тошкентнинг нозанин маликаси" (Ҳ.Муҳаммад), "Тўйдан олдин томоша" (Ж.Жабборов; Ик. Акбаров) каби спектакллар ўрин олган. 1986-йил бошида театр янги бинога кўчиб ўтди. Бош режиссёр бўлиб ишлаган А.Абдуназаров, Б.Назаров, таклиф қилинган М. Равшанов, М.Хачатуров анча пасайиб қолган театр мавқеини тиклашга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Театр ёш актёрлар ҳисобига мустаҳкамланди.

Мулоқот театр студияси

1988-йил 4-октабрда режиссёр Абдураҳмон Абдуназаров бошчилигида бир гуруҳ ёш актёрлар вилоят театридан ажралиб чиқиб, "Мулоқот" театрстудиясини ташкил этдилар. Театр "Темир хотин" (Ш.Бошбеков) спектакли билан очилган. Унинг "Жононга бордим бир кеча" (комедия), "Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари" (трагедия), "Майли сайланг" (сатира) песаларидан тузилган "Ҳамзанинг номаълум театри" асари ёш ижодкорларнинг миллий театрнинг унутилган анъаналарини тиклаш, саҳнавий талқинларда томошабинларга бевосита таъсир этувчи замонавий воситаларни ишга солишдан иборат ҳаракатидан гувоҳлик берди. Театр республика, халқаро фестивалларда 1-ўринни олди. Кейинги спектаклларидан "Бахтиёрни уйлантирамиз" (Э.Собиров) фолклоретнографик томошаси, "Гуля+Эдик" (М.Байжиев) алоҳида ажралиб туради.

Қашқадарё театри

Кейинги йилларда Қашқадарё театрида "Тикансиз типратиканлар" (Ш.Бошбеков), "Сеҳрли узук" (М.Халил), "Туҳматчилар жазоси" (Ҳамза), "Соҳибқирон" (А.Орипов), "Бир кам дунё" (Т.Юнус), "Ажабгул ва Ражабгул" (Ш.Пардаев), "Бир ўлиб кўрайчи" (Х.Хурсандов), "Руҳлар исёни" (Э.Воҳидов) каби турли жанрда кўплаб миллий асарлар саҳналаштирилди.

Мустақиллик йилларида

Умуман, мустақиллик даврида Қашқадарё театри миллий репертуарга, драматурглар билан янги асарлар устида ишлашга алоҳида эътибор бериб келмоқда. Ҳусан Амирқулов, О.Исмоилов, М.Тўрақулов, С.Қорабоев, Х.Исроилова, Ҳақберди Амирқулов, А.Рўзиева, Б.Элмуродов, Э.Шодиев, Қ.Бердиев, М.Шоймардонов, Р.Мустафоева, Ф.Самиева, Н.Боймуродова, Т.Жалилов, Ш.Омонов, Ҳ.Остонова, А.Бобомуродова ва бошқалар етакчи актёрлардир. Бош режиссёр, бош рассом — Азамат Сатторов[манба керак].

Манбалар