Қибрай тумани
Кибрайский район
туман
Таркибида Тошкент вилояти
Маъмурий маркази Қибрай
Ҳокими Музаффар Рашидов[1][2]
Расмий тиллар Ўзбек
Вақт минтақаси УТC+5
Харитада
Qibray tumani xaritada

Қибрай тумани — Тошкент вилоятидаги туман. 1933-йил 1-декабрда ташкил этилган. 1962-йил 24-декабрда Калинин (ҳозирги Зангиота) тумани билан бирлаштирилди. 1964-йил 31-декабрда қайтадан тузилди. 1933 — 91 йилларда Оржоникидзе тумани. Жанубий ғарбдан Тошкент шаҳри, жанубидан Юқори Чирчиқ, шарқдан Бўстонлиқ, ғарбдан Тошкент туманлари, шимолидан Қозоғистон Республикаси билан чегарадош. Майдони 0,56 минг км2. Аҳолиси 159,6 минг киши (2004). Туманда 2 шаҳарча (Қибрай, Салор), 11 қишлоқ фуқаролари йиғини (Байтқўрғон, Ёнариқ, Май, Матқобулов, Оққовоқ, Тузел, Чинобод, Янгиобод, Ўнқўрғон, Қизилту, Қипчоқ) бор. Туман маркази — Қибрай шаҳарчаси.

Табиати. Туман вилоятнинг шимолий ва шимоли-шарқида, Чирчиқ дарёси водийсида жойлашган. Релефи шимоли-шарқий қисмида қир ва адирлардан иборат. Ер юзаси шимоли-шарққа томон баландлашиб боради. Ўртача баландлиги 300- 400 м. Жанубий томонидан Чирчиқ дарёси, шимолидан Бўзсув, Зах ва Хоним каналлари, ўрта қисмидан Катта Қорасув канали оқиб ўтади. Чирчиқ дарёсининг ҳозирги ва қадимий ирмоқлари, Бўзсув, Захариқ каналлари жарликлар ҳосил қилган. Баъзи жарларнинг чуқурлиги (Бўзсувда) бир неча ўн метрга етади. Тупроқлари, асосан, бўз тупроқ. Иқлими континентал. Июлнинг ўртача температураси 27 — 29°, январники —2°. Ёзда энг юқори температура 41—42° га етади, январда энг паст температура —29°. Вегетация даври 210—220 кун. Йиллик ёғин 300-400 мм. Ёввойи ўсимликлардан туранғил, терак, жийда, дўлана, тол, юлғун, қамиш, янтоқ ва бошқалар бор. Баҳорда ранг (қорабош), шайтонкавуш, лола ва лолақизғалдоқлар ўсади. Чирчиқ дарёсининг қайирларида ёввойи ҳайвонлардан қуён, сув каламуши, сичқон, ғоз, ўрдак, қирғовул, лойхўрак, сўфитўрғай, сувилонлар, ондатра мавжуд.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар; шунингдек, қозоқ, рус, тожик, татар ва бошқалар ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км²га 285 киши (2004). Шаҳар аҳолиси 38,7 минг киши, қишлоқ аҳолиси 120,9 минг киши.

Хўжалиги. Туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. 17 саноаткорхонаси, Тошкент иссиқлик электр маркази, ГЕСлар каскади, мевасабзавот консерваси ва пивоалкоголсиз ичимликлар комбинатлари, ғишт заводи, „Тошкент“ паррандачилик хўжалиги, тухум етиштириш бўйича саноат ишлаб чиқариш бирлашмаси ва бошқалар; 10 ширкат, 237 фермер, шу жумладан, 64 деҳқон хўжалиги, „Лимонзор“ хўжалиги ва бошқалар хўжаликлар бор. Умумий экин майдони 13,7 минг га, шу жумладан, дон 4,9 минг га, картошка ва сабзавотлар 2483 га, озуқа экинлари 5,2 минг га майдонни эгаллайди. Боғ ва токзорлар 3,8 минг га, иссиқхона хўжалиги 3 га. Туманда 24,9 мингдан зиёд қорамол (шу жумладан, 11 мингга яқин сигир), 16 мингга яқин қўй ва эчки, 1371,4 минг парранда боқилади (2004). Туман Тошкентга қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етказиб беради. Туман ҳудудида 13 илмий тадқиқот 48 умумий таълим мактаби (27,4 минг ўқувчи) фаолият кўрсатади. „Племелита“ илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Тошкент аграр университети, 4 мусиқа мактаби, 43 кутубхона, 9 клуб муассасаси (жумладан, 4 маданият уйи, 2 маданият саройи), стадион, сузиш ҳавзаси, 5 соғлиқни сақлаш муассасаси, 2 касалхона, 13 қишлоқ врачлик пункти, 9 амбулатория, 9 қишлоқ даволаш маскани, 13 фелдшеракушерлик пункти аҳолига хизмат кўрсатади. Болалар санаторийси, „Бўстон“, „Ботаника“, „Умид гулшани“, „8 Март“, „Турон“, „Навбаҳор“, „Қибрай“ санаторийлари, „Энергетик“ мавсумий дам олиш уйи ва бошқалар бор. Туман Тошкент шаҳри билан автобус ва электрлаштирилган темир йўл транспорти орқали боғланган.