Қирқ — ўзбек халқи таркибига кирган йирик қабилалардан бири. Тарқоқ ҳолда Самарқанд атрофида, Панжикентнинг жанубида, ҳозирги Ғаллаорол, Жиззах, Зомин ва Ўратепа ҳудудларида яшаганлар. Кўпинча ўзбек халқи таркибига кирган қабилалардан бири — Юзлар билан аралашган ҳолда яшаганлар. Шунинг учун ҳам кўпчилик манбаларда "қирқ юз" номи билан ҳам маълум. Қирқ, юз ва минг қабилалари марқа деган умумий ном билан аталган. Қирқарнинг этногенези Дашти Қипчоқ ўзбеклари билан боғлиқ. Қирқлар ўтмишда бир қанча уруғларга бўлинган. Шулардан энг йириклари: оқ-қўйли, қора-қўйли, қорасирак, қорача, олмаса-ун, чапарашли ва бошқалар. Улар ХХ асрнинг бошларига қадар ярим ўтроқ ҳолда яшаб, чорвачилик билан, бир қисми тоғ ён бағрида, адирларда яшаб лалмикор ва суғорма деҳқончилик билан шуғулланган.