Qishloq
Бу мақола викилаштирилиши керак. |
Қишлоқ — аҳолиси, асосан, деҳқончилик, чорвачилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида банд бўлган аҳоли манзилгоҳи. Қишлоқ фақат аҳолисининг машғулоти билан эмас, балки ижтимоий-иқтисодий, маданий, табиий географик ва турмуш тарзи билан ҳам шаҳардан фарқ қилади. Қишлоқ — Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий тузилишидаги энг қуйи бўғин. Қишлоқнинг ижтимоий-иқтисодий хусусияти аҳолини ердан қай даражада фойдаланиши, жойнинг табиий-географик шарт-шароитлари билан боғлиқ. Шу боис қишлоқлар тарихан катта-кичик бўлган, турар жойлар ҳам шунга қараб жойлашган. Текис, серсув ва тупроғи серунум, умуман, табиий шароити қулай жойларда йирик қишлоқлар жойлашиб, аҳоли анча гавжум яшаган. Асосан, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланган. Текис, лекин суви кам бўлган жойларда (чўл ва даштларда) аҳоли кўпроқ чорвачилик билан машғул бўлган. Бундай жойларда қишлоқлар кичик, бир-биридан анча узокда, асосан, қудуқлар ёнида жойлашган. Тоғли ҳудудларда қишлоқлар кўпроқ сой ва булоқлар бўйида жойлашган.
Қишлоқлар умумий бир марказга — қишлоқ фуқаролик йиғинларига эга бўлган, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан бир-бирига узвий боғланган кичик аҳоли манзилгоҳларига ҳам бўлиниши мумкин. Улар Ўзбекистонда маҳаллаларга ажралади.
Қишлоқ кишиларнинг ижтимоий ва тарихий таркиб топган бирлигидир. Уларнинг вужудга келиши жамият тараққиёти ва ҳудудий меҳнат тақсимотидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлади. Саноатнинг ривожланиши ва урбани-зация муносабати билан дунёда қишлоқ аҳолисининг салмоғи камаймоқда. Ўзбекистон қишлоқларидаги аҳоли салмоғи ортмоқда. Бунинг асосий сабаби қишлоқларда аҳолининг такрор барпо бўлиш жараёнининг шаҳарлардагига нисбатан бир қадар жадал кечишидадир. 1970—1990-йилларда Ўзбекистон аҳолисининг 60% қишлоқларда яшаган. Республикада туғилишнинг нисбатан юқорилиги маълум даражада оилаларнинг кўпчилиги қишлоқ шароитида, қишлоқ турмуш тарзида яшаб келаётганлиги билан боғлиқ. 1990-йилда қишлоқларда ҳар 1000 кишига 39 та бола туғилган бўлса, шаҳарларда 26 та бола туғилганлиги қайд этилган. Мустақиллик йилларида аҳоли турмуш тарзида иқтисодий-ижтимоий ўзгаришлар содир бўлди. 1995-йилда Ўзбекистон қишлоқларида туғилишнинг йиғинди коэффициенти 4,12% ни ташкил этиб, аҳоли такрор барпо бўлишининг кенгайган турига мансуб бўлса, 2001-йилда бу кўрсаткич 2,75% га тушди ва аҳоли такрор барпо бўлишининг оддий (нормал) турини таъминламоқса. Бу ҳолат Ўзбекистон қишлоқ оилаларида кўп болалиликдан ўртача болалиликка ўтиш жараёни рўй бераётганини кўрсатади.
Қадимий қишлоқлар аҳолининг мавсумий манзилгоҳларидан ташкил топган. Ўзбекистон ҳудудидаги қишлоқлар дастлаб кишиларнинг қиш фаслида истиқомат қиладиган жойи сифатида вужудга келган. Одамлар аста секин деҳқончилик билан шуғулланиб, ўтроқлик даврига ўтгач, қишлоқлар кўпайди ва кенгайди. Ибтидоий жамият даврида шаклланган уруғ бирлашмалари ўтроқлик даврида ҳам сақланиб, бир уруғ бир қишлоққа ўрнашган. Ҳозирги айрим қишлоқлар ўша уруғ номи билан юритилади. Кейинчалик уруғларнинг қабилаларга бирлашиши натижасида йирик ёки бир-бирига яқин жойлашган қишлоқлар пайдо бўлди. Мас, Кенагас, Манақ, Манғит, Мингли, Найман, Митан ва бошқа Қулдорлик даврида кўп мамлакатларда қулдорларнинг ерларида ишлайдиган кишиларнинг бир жойга ўрнашиши билан ҳам қишлоқ пайдо бўлган. Бу қишлоқлар шу ер эгасининг номи билан ёки жойнинг географик ҳолатига қараб аталган. Ҳунармандчилик ва савдо-сотиқнинг ривожланиши билан ҳам янги қишлоқлар вужудга келиб, кенгайиб борди. Карвон йўлларида, дарёларнинг кечув жойларида ҳам Қишлоқлар юзага келган: Еттикечув, Қизилкечув, Қоракечув, Лангар ва бошқалар. Ҳунармандчилик ва савдо ривожланиб, деҳқончилик ажралиб чиқа бошлагач, шаҳарлар юзага келди. Илк ижтимоий формацияларда аҳолининг кўпчилиги қишлоқларда яшаганлиги учун жамиятнинг асосий ижтимоий-иқтисодий ва маданий хусусиятлари қишлоқ ҳаёти билан белгиланган. Дастлабки даврларда қишлоқ жамоа бошлиғи, кейинчалик сайланадиган жамоа оқсоқоли ёки жамоа йиғини томонидан бошқарилган. Қишлоқларнинг ташқи кўриниши, қурилиши ҳам даврдан-даврга ўзгариб борган. Мас, Хоразм ҳудудида, Суғдда ВИ—ВИИ асрларда янги типдаги қишлоқлар — катта-катта бой оилалар яшайдиган қаср-қўрғонлар бўлган, оддий деҳқонлар эса майда қўрғончаларда яшардилар. Ҳар бир қаср-қўрғоннинг атрофи мудофаа девори билан ўралган бўлиб, ўртасида кўшки бўлган. Темурийлар даврида ҳозирги Ўрта Осиё ҳудудида қишлоқларни ободонлаштиришга, ариқ ва каналлар қазиб, боғроғлар барпо қилишга аҳамият берилган. Европа мамлакатларида саноат, ишлаб чиқаришнинг ривожланиши қишлоқ ҳаётига ҳам кучли таъсир кўрсатди. Қишлоқлар ХХ асрнинг 2-ярмида анча ривожланди. Қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи яхшиланди. Қишлоқлардаги ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаёт тарзи тубдан ўзгарди. Сўнгги даврда қишлоқлар камайиб, шаҳарлар салмоғи ортиб борди. Ҳозир қишлоқ аҳолиси жаҳон аҳолисининг қарийб 53%ни ташкил этади.
Юридик мақоми: „Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ҳудудий тузилиш, топонимик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисидаги“ Ўзбекистон Республикасининг 1996-йил 30-августдаги қонунида қишлоқлар, овулларни тузиш ва тугатиш, чегарасини ўзгартириш, аҳоли пунктларини бирлаштириш, маъмурий марказларини белгилаш ва кўчириш, ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш ва бошқа вазифалар тегишли туман ҳокимларининг илтимосномасига асосан, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса — Жўқорғи Кенгеси томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |