Қисир қолиш — ёш чорва молларининг жинсий вояга етганда ёки катта ёшдаги урғочи ҳайвонларнинг туққандан кейин маълум физиологик муддатларда уруғланмай қолиши. Қисир қолишга чорва молларини қочирши ва сунъий уруғлантириш ишларини ташкил қилиш ва ўтказишдаги камчиликлар, сперма олиш вақтида ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилмаслик, сунъий уруғлантириш техникасининг нотўғрилиги (яхши ишламаслиги), чорва молларини уруғлантириш режасининг йўқлиги, ҳайвонлар бўғоз бўлган ёки қисир қолганлигини ўз вақтида текширмаслик, ҳайвонлар куйиккан даврида уларни қочириш ва уруғлантириш муддатларига эътибор бермаслик ва бошқа, шунингдек, мустаҳкам озуқа базасининг йўклиги, чорва молларини асрашда ноқулай шароит, ҳайвонлар жинсий органларининг касалликлари, туғма аномалиялари ва бошқа ҳам сабаб бўлади. Янги туққан сигирлар 80— 85 кундан сўнг қочирилиши лозим. Ушбу муддат оптимал сервис даври деб қабул қилинган. Бу даврнинг ҳар бир куни (чўзилиши) Қисир қолишга олиб келади. Оптимал муддатдаги сервис даврида қочирилганда ҳар 100 сигирдан йил давомида 100 бузоқ олинади. Агар оптимал сервис даври 120 кунга чўзилса, унда қисирлик муддати 40 кунни ташкил этади ва ҳар 100 бош сигирдан 86 та бузоқ олинади.

Таналарнинг оптимал (17—18 ой) қочириш ёши 1—2 ой кечиктирилганда уларнинг ҳар биридан соғиладиган сут миқдори 300–600 кг га камаииб кетиши мумкин.

Убайдулла Носиров.