Қиёс (араб. — таққослаш) — шариат манбаларидан бири (Қуръон, сунна, ижмо билан бирга). Қ.да дастлабки 2 манба — Қуръон ва суннада берилмаган бирор ҳуқуқий масала улардаги шунга ўхшаш масала бўйича берилган кўрсатмага таққослаш йўли билан шарҳ этилган. Мас, ароқнинг шайтон иши эканлиги, уруш-жанжал, адоват чиқариши сабабидан у Қуръони каримда ман этилган. Ароқдан бошқа маст қилувчи ичимликлар ҳақида бирор нарса айтилмаган. Лекин мужтаҳид уламолар маст қилувчи ичимликларнинг ҳаммасида ҳам ароқ каби салбий натижалар бўлишини ҳисобга олиб, унга Қиёс. қилганлар ва ҳаром деб ҳукм чиқарганлар. Қиёс фақиҳлар ҳуқуқини кенгайтириб, шариатни турмушнинг турли томонларига татбиқ этишга имконият берган. Шу билан бирга Қиёс ислом динини замон ва тараққиёт ила ён-маён юришида асосий омиллардан бири ҳисобланади. Қиёснинг манба сифатида киритилиши шариатнинг ҳуқуқ тизими сифатида шаклланиши ва руҳонийлар, фақиҳларнинг мавжуд муносабатларни ҳимоя қилишдаги мавқеи ошишидан далолат берар эди. Ислом ҳуқуқшунослигида ҳозирги ҳам Қиёсга амал қилинади.