Qizamiq
Қизамиқ – ўткир юқумли касаллик. Тана ҳароратининг кўтарилиши, умумий интоксикация, юқори нафас йўллари ва кўз шиллиқ пардасининг яллиғланиши ҳамда баданга қизил, йирик доғли тошмалар тошиши билан кечади.
Касаллик ҳақида
Қизамиқ ер юзида энг кенг тарқалган инфексиялардан, унга барча ёшдаги кишилар, асосан, ёш болалар берилувчан бўлади. Касаллик мавсумий бўлиб, куз, қиш ва баҳорда кўпроқ учрайди. Инфексия манбаи фақат касалланган одам ҳисобланади, соғлом киши организмига вирус нафас йўллари орқали тушади. Касалликдан кейин умр бўйи сақланадиган иммунитет қолади. Чақалоқлар (пассив иммунитет туфайли) қизамиқ билан оғримайди. Организмга юқори нафас йўллари шиллиқ пардалари, кўз конюнктиваси ва бошқалар орқали кирган қизамиқ вируси у ерда кўпайиб, кейин қонга тушади.
Касалликнинг кечиши
Касаллик босқичма-босқич кечади, инкубацион (яширин) даври 9–11 кун давом этади. Ундан сўнг продромал (бошланғич, катарал) давр 3–4 кун кечади. Касаллик бошланишида тана ҳарорати 39 °C гача кўтарилади, юқори нафас йўллари ва кўз конюнктиваси қизаради, бемор қуруқ йўталади, тумов бўлади, кўзи қизариб ёшланади, ёруғликка қарай олмайди, товуши бўғилиб қолади, юзи керикади. Бола безовта бўлади, уйқуси бузилади, иштаҳаси йўқолади, ҳолсизланади, баъзан ич кетиши, қоринда оғриқ, оғирроқ ҳолларда умумий интоксикация, талвасалар, эшишни йўқотиш аломатлари рўй бериши мумкин. Продромал даврнинг 2–3 куни лунж шиллиқ қаватида қизил гардиш билан ўралган майда, нуқтасимон, оқ доғлар пайдо бўлади, бу қизамиққа хос белги (Белский-Филатов-Коплик доғлари). Улар тошма тошишидан 2–3 кун олдин кўриниб, тошма тошганидан 1–2 кун ўтгач йўқолади. Юмшоқ ва қаттиқ танглайнинг шиллиқ пардасида майда қизил доғлар – энантема пайдо бўлади. Тошма тошиш даврида (бу давр 3–4 кун давом этади) бемор қаттиқ иситмалайди, томоғи қизаради, кейин ўзига хос қизил, йирик тошмалар тошади, у дастлаб қулоқ орқаси, лунж, пешона ва бурунга тошади, кейин юз, баданга, қўл-оёққа тарқалади. Тошмаларнинг босқичма-босқич тошиши қизамиқда муҳим диагностик аҳамиятга эга. Юздаги тошмалар қорая бошлайди ва жигарранг доғларга айланади, улар 7—10 кун сақланади. Тери, айниқса, юз, қўл кафти ва оёқ таги қуруқшай бошлайди; тошма ўрни қовжираб, майда пўст ташлаши мумкин, гавда температураси пасайиб, бола аста-секин тетикланади. Касаллик билинар-билинмас енгил кечиши зотилжам, ички касалликлар, ўрта қулоқнинг яллиғланиши (отит) ва бошқалар асоратлар юзага келиши ҳам мумкин, бунда дарҳол врачга мурожаат қилиш керак.
Олдини олиш
Олдини олиш учун беморни соғлом болалардан ажратиб қўйиш зарур. Қизамиққа қарши эмлаш муҳим аҳамиятга эга. 1967-йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида қизамиққа қарши ёппасига эмлаш жорий этилган, шу боис касаллик аҳёнда бир кузатилади. Қизамиқ билан оғриган болалар уйда, оғирроқ ҳолларда, асорат қолганида касалхонада даволанади. Асосий аҳамият комплекс даволаш чора-тадбирларига қаратилади. Санитария-гигиена шароитларини яхшилаш, бемор бўлган хонанинг ҳавосини тез-тез алмаштириб туриш ва тўла-тўкис овқатланишига эътибор бериш зарур[1].
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Қизамиқ“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Қ-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |