Қизиқиш — шахснинг ўзи учун қимматли ва ёқимли бўлган муайян нарса ва ҳодисага муносабати. Бунда инсоннинг ўзига хос хусусияти бевосита мужассамлашади. Қ. билимларни онгли, пухта, барқарор, англаган ҳолда ўзлаштиришда, кўникма ва малакаларни шакллантиришда қўл келади, шахс қобилияти, зеҳни, уқувчанлигини ривожлантиришга, оламни мукаммалроқ тушунишига ёрдам беради. Қ. инсонда интилиш, фаоллик, ички туртки, эҳтиёжни рўёбга чиқариш манбаи вазифасини бажаради. қ. шахснинг борлиққа танлаб муносабатда бўлишида, ўзига хос қарор қабул қилишида, ўзини ўзи назорат эта билишида, мақсадга интилувчанлигида, юзага келган тўсиқларни енгишида ифодаланади. Қ.лар шахсий ва ижтимоий, бевосита ва билвосита, кенг ва тор, беқарор ва барқарор бўлади. Қ. синчковлик, қизиқувчанлик, билишни ўз ичига олади. Одамларни шахсий Қ.ини идора қилишга ўргатиш, бу иўналишда машқлантириш, тренинглар, тестлардан фойдаланиш интилувчан, толиқмас хислатларни шакллантиришга ёрдам беради.