Зиёсферада исми Қодир ва фамилияси Ҳайдаров бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Қодиржон Ҳайдаров (1899, Қўқон – 1983.15.12) – ёғоч ўймакори, Қўқон ёғоч ўймакорлик мактабининг йирик вакили, устазода. Ўзбекистон ССР халқ рассоми (1963). Ўймакор уста Ҳайдар Нажмиддиновнинг ўғли. Ҳунарни отаси билан бирга ишлаб ўрганган. Отаси билан Қўқон ҳунармандлик мактабида дарс берган (1919—1920-йиллар), 1923-йилда Москвадаги халқ хўжалиги кўргазмасида ишлади; 1925—1929-йилларда Қўқондаги Наримонов номидаги институт-интернатда, 1929—1931-йилларда Қўқон шаҳридаги ёш дурадгорлар тўгаракларига бошчилик қилди. 1931—1933-йилларда раб-факда ўқиди. „Янги маъдан“ артелида уста (1936—1954), Қўқон музейида таъмирловчи уста (1954—1957). Ҳайдаров устун, курси, стол, хонтахта, қути, эшик, панжара, каравот ва бошқа буюмларни жозибадор безаб шуҳрат қозонди. 1958-йилдан Тошкентдаги Ўзбекистон халқлари тарихи музейи ва Ўзбекистон Бадииёт академияси Марказий кўргазмалар зали эшиклари, Тошкент сирки биноси учун намоёнлар ва бошқа кўпгина ўймакори асарлар яратди, анъанавий нақш мужассамотларини янги оҳанглар билан бойитди. Ҳайдаровнинг Қўқон ёғоч ўймакорлиги мактабининг миллий анъаналарини сақлаб қолиш ва уни ривожлантиришда хизматлари катта; кўплаб шогирдлар (Х. Умаров, С. Эргашев, У. Умаров, А. Абдуллаев ва бошқалар) тайёрлаган.

Ҳайдаров асарларидан намуналар республика ва чет мамлакатлар музейлари ва хусусий тўпламларда сақланади. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1970). Ўзбекистон бадиий академияси Қўқон тасвирий ва амалий санъат коллежига Ҳайдаров номи берилган.

Адабиёт

  • Тоқтош Р., Уста Қодиржон Ҳайдаров. Т., 2003.