Қон туфлаш — йўталганда нафас йўлларидан қон ажралиши. Ўпкадаги турли иллатлар (яллиғланиш, сил, ўсма, абссесс, инфаркт), баъзи юрак пороклари, эхинококкоз, захм ва қон системаси касалликларида бемор қон туфлайди. Нафас йўллари томирларининг ёрилиши, юрак пороклари оқибатида ўпкада қон димланиши ва томирлар девори ўтказувчанлигининг ошиши ҳам Қон туфлашга сабаб бўлади. Кўпинча милк ёки бурун қонаши натижасида нафас йўлларига қон оқиб тушиб, сохта Қон туфлаш рўй беради. Қон туфлаганда қон аралаш балғам, "тоза қон лахталари" (бўлаклари) ёки балғам занг рангида бўлиши мумкин. Қон туфлашда қон қўп ажралиши ўпкадан қон кетишидан далолат беради. Беморни орқасига нарса қўйиб суяб ўтқазиб қўйилади; гаплашиш, ҳаракат қилишга рухсат этилмайди, зудлик билан врач чақириш, Қон туфлаш сабабини аниқлаш ва тегишли даво чораларини кўриш лозим.