Қонунийлик — қонунлар ва уларга мувофиқ чиқарилган ҳуқуқий ҳужжатларга барча давлат органлари, мансабдор ва бошқа шахсларнинг оғишмай амал қилиши. Қонунийлик демократия ва ҳуқукий давлатнннг элементларидан бири. Қонунийликнинг қуйидаги принсиплари бор: Қонунийликнинг бирлиги (мамлакат ҳудудида қонун ва қонунга асосланган ҳужжатлар бир хилда тушунилиши ва қўлланиши); конституция ва қонунларнинг устунлиги (барча норматив ва индивидуал \уқуқий ҳужжатлар конституция ва қонунлар асосида қабул қилиниши ҳамда уларга зид келмаслиги); инсон ва фуқаро ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, бурчларининг кафолатланганлиги; Қонунийликнинг маданият билан боғлиқлиги (жамият аъзолари юқори даражада маданиятли, жумладан, ҳуқуқий маданиятли бўлгандагина Қонунийликка эришиш мумкин); Қонунийликнинг мақсадга мувофиқлиги (қонун ва қонун ости) ҳужжатлари давлат ва жамиятнинг манфаат, мақсадларига мос келиши. Бунда мақсадга мувофиқлилик билан Қонунийлик ўртасида зиддият келиб чиқмаслиги зарур).

Қонун ва қонунга асосланган ҳужжатларга тўла риоя этишни таъминловчи восита ва шароитлар Қонунийликнинг кафолатлари ҳисобланади. Бундай кафолатларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ташкилий, мафкуравий, махсус юридик жиҳатлари бор. Жамиятнинг иқтисодий риувожланиш даражаси, турли шаклдаги мулкчилик. жамиятдаги иқтисодий эркинликлар Қонунийликнинг ижтимоий-иқтисодий кафолати бўлади. Сиёсий ҳурфикрлилик, кўппартиявийлик, давлат тузумининг демократик тамойилларга мослиги Қонунийликнинг сиёсий кафолатини белгилайди. Қонун ва қонунга асосланган ҳужжатларни татбиқ этиш ва уларнинг назоратини таъминловчи самарали механизмнинг мавжудлиги Қонунийликнинг ташкилий кафолатидан дарак беради. Аҳолининг ҳуқуқий онги даражаси, ахлоқий тарбияси Қонунийликка мафкуравий кафолат беради. Қонунийликнинг таъминланиши учун амалдаги қонунчиликда мавжуд усул ва воситалар махсус юридик кафолат вазифасини бажаради.

Жамиятда Қонунийлик амалда бўлган ҳолдагина ҳуқуқий тартибот ўрнатилади.

Олим Хусанооев.

Яна қаранг