қо'лбола қопқон

Қопқон — ёввойи ҳайвонлар ва қушларни овлаш (илинтириш) учун мўлжалланган мослама, қурилма ва аппаратлар. Икки тури: одам иштирок этадиган ва этмайдиган (автоматик) турлари бор. Одам иштирок этадиган Қ.лар турли-туман тўрлар, тортма сиртмоқлар, матраплар, қопқоғи арқон ёрдамида тортиб олинадиган чуқурлар ва бошқалардан иборат. Булар асосан ҳайвонлар ва қушларни тирик тутиш учун ишлатилади. Одам иштирок этмайдиган ("автоматик") Қ.лар жумласига тузоқлар, сиртмоқлар, пружинали мослама ва қурилмалар, таранг тортилған чилвирга тегиб кетилганда ўз-ўзидан отиладиган ўқ-ёйлар, устига омонатгина хашак ёпиб қўйиладиган чуқурлар, ичига ҳайвон кирганда эшиги "ўз-ўзидан" ёпилиб қоладиган узунчоқ яшиклар ва бошқа киради. Сичқон ва каламушлар учун мўлжалланган пружинали қисувчи Қ.лар кенг тарқалган. Айрим Қ.лар одам учун ҳам хавфли бўлиши мумкин. Ўзбекистонда тулки, тўнғиз, қуён, бўрсиқ, каклик, бедана ва бошқа учун Қ. ва тузоқлар қўйилади.