Қора Юсуф(? - 1420.13.11, Ужон) — Қора қўюнли туркман қабиласи амири Қорамуҳаммад туркманнинг ўғли. Шарафуддин Али Яздий "Зафар-нома" асарида қайд этилишича, Амир Темур Ғарбий юришлари чоғида Қ.Ю.нинг ҳажга борувчилар ва савдо карвонларини талаб, қароқчиликни касб этганини билгач, уни қаттиқ таъқиб остига олади. Қ.Ю. Амир Темурга қарши Ироқ ҳокими Аҳмад Жалойир билан иттифоқ тузади, бироқ улар Соҳибқирон ҳужумига дош беролмай Миср ва Рум султонларидан паноҳ излайдилар. Амир Темур вафотидан сўнг, Қ.Ю. Табризга қайтади ва тез орада ўзини тиклаб Темурийлар салтанатига хавф туғдира бошлайди.

1408 йил 13 апрелда Табриз яқинидаги Шанби Ғозонда мирзо Абубакр ибн Мироншоҳ билан Қ.Ю. ўртасида қаттиқ жанг бўлади ва Қ.Ю. лашкари ғолиб келади, Мироншоҳ мирзо шу жангда ҳалок бўлади.

Шундан сўнг Ироқи Ажам, Озарбайжон, Аррон, Муғон, Диёрбакр, Ироқи Арабдан иборат ҳудудлар унинг ҳукми доирасига ўтади ва Қ.Ю. Темурийларга қарашли Султонияга даъвогарлик қилади. Шоҳрух мазкур хавфни бартараф этиш ва акаси Мироншоҳ ўлими учун ҳам қасос олиш мақсадида катта лашкар билан Қ.Ю. устига юриш бошлайди. У Райга етиб борганида Қ.Ю.нинг Ужонда ўлгани ҳақида хабар келади.

Қ.Ю. вафотидан сўнг, унинг ўғилларидан амир Искандар Темурийлар салтанатига тажовуз қилган. Шоҳрух унинг устига катта лашкар тортиб 1429 йил 17—18 сентябрда Салмос яқинидаги шиддатли жангда амир Искандар лашкарини тор-мор этган.