Қора сирт — Ҳисор тизмасининг жануби-ғарбий тармоқларидан бири. Қашқадарё вилоятида. Шимолида Катта Ўрадарё, жанубида Кичик Ўрадарё (Ғузордарё ирмоқлари) оралиғида. Шимоли-шарқдан жануби-ғарбга қарийб 40 км га чўзилган. Ўртача баландлиги 1500–2000 м, энг баланд жойи 2886 м. Сувайирғич қисми ва ён бағирларида текис юзалар учрайди. Ён бағирлари чуқур, дарасимон сой ўзанлари билан кесилган. Гипсли гиллар, қумтош ва оҳактошлардан ташкил топган жойларида карст жараёнлари ва релеф шакллари (каррлар, карст воронкалари ва ботиқлари, ғорлари) ривожланган. Ёзи қуруқ, иссиқ, йиллик ёғин 500–700 мм, асосан, қиш ва баҳор фаслларида ёғади. Тўқ бўз, жигарранг, қўнғир тоғ-ўрмон, тоғ ўтлоқ тупроклар тарқалган. Баланд бўйли бошоқли ўтлар, буталар (бодом, писта, наъматак), арчалар ўсади.