Qora zirk
Қора зирк (Барбарис продолговатий – Берберис облонга Сеҳнеид, қорақанд) – зиркдошлар оиласига мансуб бўлиб, бўйи 4 метргача етадиган сершох бута.
Биологик морфологияси
Ўсимликнинг эски шохлари кулранг, ёш новдалари эса қўнғир бўлади. Тиканлари уч бўлакли. Барглари тескари тухумсимон, чўзинчоқ, ўтмас, четлари бироз тишли ёки текис, уларнинг узунлиги 2-6 см бўлади. Гуллари сариқ рангда бўлиб, гул шингили шохланган, роваксимон. Меваси қорамтир-бинафша рангда, эллипсимон кўринишга эга.
Ўсимлик май ойида гуллаб, июн-июл ойларида пишади.
Тарқалиши
Ўзбекистонда табиий ҳолда ўсадиган зиркларнинг 12 тури қайд қилинган. Улар денгиз сатҳидан 1800 м баландликда ўсади. Ёввойи ҳолдаги зирклар Европа, Ўрта Осиё ҳамда Узоқ Шарқ ҳудудларида кенг тарқалган. Қора зирк табиий ҳолда Тошкент, Самарқанд, Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларининг тоғли ҳудудларида, сой бўйларида тўп-тўп бўлиб ўсади.
Зиркнинг қашқар, берген, қизил, тугма, қорақанд каби турлари учрайди.
Таркиби
Қора зирк мевалари таркибида витамин C (250 мг), органик кислоталар (олма кислотаси, лимон кислотаси, татрат), холинсифат моддалар, қанд, минерал тузлар ва бошқа моддалар бор. Ўсимликнинг пишмаган мевалари, барглари, илдизи, ҳамда пўстлоқларида берберин, оксиксантин, бербамин, леонтин алкалоидлар мавжуд. Ҳосилга кирган пайтидаги барглари таркибида витамин Э (токоферол), эфир мойлари бўлади.
Халқ табобатида қўлланилиши
Зиркнинг саломатлик учун фойдали неъмат эканлиги жуда қадим замонлардан маълум. Оссурия шохи Ашшурбанипалнинг шахсий қироатхонасида сақланувчи, бундан 2670-йил муқаддам сопол тахтачаларга ёзилган китобларга кўра, зирк Қонни покизаловчи омил сифатида қадрланган. Унинг шифобахш хусусиятларидан қадимий Миср, Ҳиндистон табиблари фойдаланишган
Абу Али ибн Сино зиркни чанқоқ қолдирувчи, юракка қувват берувчи, ҳамда жигар касалликларига даво сифатида ишлатган.
Қора зирк мевалари халқ табобатида асаб фаолияти сустлашганда, ошқозон-ичак, сариқ касалликларини, ҳафақонликни даволашда ишлатилади. Бундан ташқари ундан ҳароратни пасайтирувчи, иштаҳа уйғотувчи, ўт ҳайдовчи, яллиғланишгаа қарши восита сифатида ҳам фойдаланилади. Халқ табобатида зирк илдизидан тайёрланган қайнатма (пўсти ажратилганда) безгак ва боднинг давоси ҳисобланади. Бу қайнатма халқ тилида қиёми зирк деб аталиб, унинг суюқлаштирилгани билан оғиз бўшлиғи касалликларида чайқаш тавсия этилади.
Ўсимлик баргларининг сувли дамламаси безгак асорати бўлган талоқ шишида ҳамда жигар касалликларида ишлатилса, илдиз пўстлоқларининг дамламаси ўтдаги тош, сариқ, буйрак оғриғи, бод каби касалликларни даволашда ишлатилади.
Фармасевтикада қўлланилиши
Илмий тиббиётда, зиркдан тайёрланган дори-дармонлар ўт пуфаги шамоллаши билан боғлиқ бўлган касалликларда, ундаги тош бўлганда ҳосил бўлувчи оғриқларга енгиллик берувчи омил сифатида фойдаланилади. Зирк барглари асосида тайёрланган спиртли аралашма қон тўхташи, яллиғланишга қарши даво бўлиши билан бирга қон томирларини торайтиради, томир уришини тезлаштиради, ўт ажралишини кучайтиради, бачадон мушакларини қисқартиради.
Сибир зирки илдизининг шарбати сув билан аралаштирилиб суюқлик тайёрланганда, қон босимини пасайтирадиган дори олинади. Шуни айтиш керакки, тиббиётда хавфли ўсмаларни даволашда ишлатиладиган Здренко йиғма дорисига зирк ўсимлигининг илдизи асос бўлиб хизмат қилади.
Саноатда қўлланилиши
Зирк мевалари зиравор сифатида кенг кўламда қўлланилади. Унинг меваларидан мураббо тайёрланади. Ўсимлик бўёқчилик саноатида ҳам катта аҳамиятга эга. Унинг илдиз ва танасидан жунларни бўяш учун сариқ бўёқ олинади. Мевасидаги қизил ранг эса жун матоларини бўяш учун яхши восита ҳисобланади.
Зиркнинг пояси оч сариқ рангда бўлиб, жуда қаттиқ, мустаҳкам. Ҳинд дурадгорлари ундан нафис буюмлар ва мебеллар ясашда фойдаланадилар. Зирк гулларида асал шираси бор, улар ўзидан кўплаб нектар ажратади, айниқса, илиқ ва нам ҳавода олинган асали хушбўй бўлади. Зирк манзарали ўсимлик сифатида ҳам қадрланади.
Яна қаранг
Адабиётлар
- Шифобахш неъматлар М.Набиев, В.Шалнев, А. Иброҳимов Тошкент – „Меҳнат“ – 1989
- Ў.Ахмедов.пдф Ўсимликларни етиштириш технологияси