Qorabovur

Қорабовур — Устюрт платосининг марказий қисмидаги қир. Қорақалпоғистон ва Қозоғистон Республикалари ҳудудида. Шимоли-ғарбдан жануби-шарққа қарийб 220 км га чўзилган. Эни ўрта қисмида кенг, 120 км дан ортиқ. Ўртача бал. 200 м, шимоли-ғарбида 290 м гача. Ер юзаси текис, ён бағирлари қуруқ сойлар билан кесилган. Триас, юра, бўр, палеоген ва неоген чўкинди тоғ жинсларидан ташкил топган. Уларнинг устида сармат даври оҳактошлари тарқалган, оҳактошлар орасида гипсли мергел ва гил қатламлари учрайди. Иқлими кескин континентал. Қиши совуқ, температура қишда —30° гача, ёзи иссиқ, қуруқ, давомли, энг юқори температура 44°. Йиллик ёғин 150 мм гача. Карст релеф шакллари (карст воронкалари, диаметри 30 м гача, чуқ. 16 м гача), остида кўллар мавжуд бўлган ғорлар учрайди. Сур-қўнғир тупроқлар тарқалган. Ўсимлик қоплами сийрак, шувоқ, шўра ва бошқа ўсимликлар ўсади. Ҳайвонот дунёси чўлга хос.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Географияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |